26 Апрел 2023 йил 770

Сектор раҳбари пахтакорлик фуқаролар билан мулоқот ўтказди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Пахтакор туманида фуқаролар билан мулоқот ўтказди. 3- сектор раҳбари дастлаб яқинда фойдаланишга топширилган Дилором маҳалла маркази фаолияти билан танишди.

Маълум қилинишича, ушбу бино давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган қурилиш ишлари апрель ойи бошида якунланган. Бинода маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси учун хоналар ҳамда фаоллари зали мавжуд бўлиб, барча қулайликлар юзага келтирилган.

Мингчинор маҳалласида ўтган сайёр қабул аввалида эса туман мутасаддилари ва маҳалла фаоллари билан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, осойишталикни таъминлаш йўлида намунали хизмат қилган бир гуруҳ туман ички ишлар органлари профилактика хизмати ва пробация инспекторлари, патруль-пост ҳамда йўл-патруль хизмати ходимлари рағбатлантирилди.

Сайёр қабул доирасида бир гуруҳ фуқароларга электр печлар, ўзини-ўзи банд қилиш учун тикув мошинка, мотокултиватор, чорвачилик ҳамда иссиқхона қурилиши учун кредит ажратилганлиги, 10 нафар ёшларга эса ўқув курси ҳамда олий таълим учун шартнома пулларининг бир қисми тўланганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Бундан ташқари бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланишди.

Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда сектор раҳбаридан амалий ёрдам сўрашди. Чунончи, саломатлигини тиклаш, кўчаларни таъмирлаш, шағал ётқизиш ва пиёдалар йўлакчаси қуриш, суюлтирилган газ таъминоти, моддий ёрдам, нафақа ажратиш каби масалалар баён этилди. Бундан ташқари, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш ва имтиёзли кредит ажратилишига оид муаммолар кўтарилди.

Сайёр қабулда айтилган ҳар бир масала тегишли вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари иштирокида кўрилиб, ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жараёнда мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берилди.

Шу куни сайёр қабулда фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Жараёнда икки киши шифохонада даволанишлари учун ётқизилди. 2 нафарининг бандлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Text to speech