Сектор раҳбари Мирзачўл туманида аҳоли ва ёшлар билан мулоқот ўтказди
Асқар Эгамов қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳаракатида. Шу мақсадда у кредит асосида брусчатка, пенаблок ҳамда шлакаблок ишлаб чиқариш цехларини сотиб олган. Аммо жой билан боғлиқ муаммо сабаб тадбиркор ишни бугунга қадар бошламаган. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Пахтазорда ўтказган сайёр қабули аввалида ёш тадбиркор билан учрашди. Суҳбатда кўтарилган масала мутасаддилар иштирокида кўрилиб ҳал этилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур корхона фаолият бошлаши билан 10 та янги иш ўрни яратилади.
Пахтазор маҳалласининг Самарқанд кўчасидаги трансформатор эскилиги сабаб тез-тез носоз ҳолатга келган. Юқори кучланишли янги трансформаторнинг ўрнатилиши эса масалага ижобий ечим бўлди дейиш мумкин. Бундан ташқари Мирзо Улуғбек кўчасига ўрнатилган бетон таянч устунларга электр сим кабеллари тортиш ишлари ҳам жадал олиб борилаяпти. Сектор раҳбари ушбу ишларнинг бориши билан танишиб, корхона масъуллари билан суҳбатда бўлди. Ишчи ходимларга зарур шароитни яратиш бўйича уларга топшириқлар берди. Бошқарма бошлиғи шу ерда маҳалла фаоллари ва корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарлари билан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инфратузилмани янада яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни муҳокама қилди. Фуқаролар эътирозига сабаб бўлаётган масалаларни ўз вақтида ва жойида бартараф қилиш лозимлиги уқтирилди.
Маълум қилинишича, ўтган йил давомида маҳаллада жами 1 миллиард 450 миллион сўмлик кредит эвазига 72 та тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилда эса ҳудуд имкониятидан келиб чиққан ҳолда савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш йўналишларида 120 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш режа қилинган.
3- сектор раҳбари ҳудуддаги 9- сонли ўрта умумтаълим мактабида аҳоли ва ёшлар билан учрашди. Дастлаб “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома тўловлари ўтказилганлиги, 4 кишига иссиқхона, ишлаб чиқариш ва тикувчилик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун сертификатлар топширилди. Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари тақдирланди.
Сектор раҳбари билан мулоқотда аҳоли ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, кредит тўлови, субсидия ажратилиши, бандлик, иш ҳақини ундириш, оқова сув тизимини яхшилаш каби масалалар баён этилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, ижроси бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Тадбир давомида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари, суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминлаш борасидаги ишларга ҳам диққат қилинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати