Секторда иш кўлами кенгаяди
Вилоят ички ишлар бошқармасида секторлар фаолиятини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлар бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда 3- сектор котиблари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.
Тадбир аввалида вилоятда секторлар фаолиятини баҳолаш тизимининг жорий этилиши ҳамда октябрь ойида секторларда қилинган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали вакили томонидан секторлар фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Айтиш жоиз, секторлар фаолияти 19 йўналишдаги ишларга кўра баҳоланади. Яъни, бу жараёнда “Саховат ва кўмак” тадбирлари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар ва хориждан қайтганларни ишга жойлаштириш, солиқларнинг ундирилиши, янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш ва яшовчанлигини таъминлаш, экспортни ошириш, инвестиция жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, ўрта умумтаълим мактабларининг иситилиши, жиноятчилик даражаси, оилавий ажримлар сони, фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилинишига доир кўрсаткичлар мезон вазифасини ўтайди. Ўз навбатида илғорлар рағбатлантирилади, қониқарсиз фаолият кўрсатганларга эса интизомий чоралар кўрилади. Йиғилиш давомида 3- секторда амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар таҳлил этилди.
Шунингдек, вилоят бандлик бош бошқармаси, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси вакиллари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар, ажратилаётган кам фоизли кредитлар ҳамда субсидиялар, ўзини ўзи банд қилиш тартиблари, яратилаётган иш ўринлари, хорижда ишлаш имкониятлари, аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш бўйича кўрилаётган чора ва тадбирлар хусусида маълумотлар келтириб ўтилди. Худди шундай, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Секторлар масъуллари иқтисодий ва бандлик ташкилотлари мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Тадбир якунида вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан секторлар фаолиятини кучайтиришга қаратилган топшириқлар берилди. Хуллас, 3- сектор масъуллари бандликни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялаш ва турмуш маданиятини юксалтиришга оид фаолиятини янада кенгайтиришга келишиб олишди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.