30 Июл 2020 йил 552

Шармандага шаҳар кенгми?

Жорий йилнинг 29 июль куни ижтимоий тармоқларда 1972 йилда Зомин туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, оилали, 2001 йил 20 июнда жиноят ишлари бўйича Янгиобод тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-моддаси 3-қисми билан айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги “Амнистия тўғрисида”ги Фармонининг 7-бандига асосан 2001 йил 26 октябрида озод этилган ҳамда 2011 йил Зомин туман Жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 219-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилган, Даштобод шаҳри, Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Раъно Нартоеванинг “Ички ишлар органлари ходимлари уйимизга бостириб кириб, шаънимни поймол қилишди”, деган мазмундаги хабари тарқалди.

Айтиш жоиз, Раъно Нартоеванинг билдирилганлари ҳақиқатга зид. Яъни, 2016 йилнинг 5 март куни “Даштобод деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида жамоат тартибини сақлашга жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари яшаш уйининг қаршисида бозорга қарама-қарши девордан ўзбошимчалик билан эшик очиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган Раъно Нартоевани тартибга чақиришган. Бунга жавобан аёл фаол қаршилик кўрсатган, хусусан, ҳудуд профилактика инспекторига тан жароҳати етказиб, унинг хизмат кийими ва ўнг погонини йиртиб ташлаган. Яна бир ходимни тош билан уриб, пешона соҳасини жароҳатлаган.

Аёлнинг ушбу ҳаракати оғир оқибат келтириб чиқармаслиги учун ёрдамчи куч чақирилганда Раъно Нартоева ички ишлар бўлимига бормаслик мақсадида ўзининг устидаги кийимларини йиртиб, ерга ётиб олиб, танасининг дуч келган жойига қўли билан уриб, оёқлари билан ерни тепиб ўзига шикаст етказишга уринган. Аёлнинг мастлиги яққол сезилиб турганлиги учун нарколог кўригидан ҳам ўтказилади. Тиббий кўрик унинг алкоголдан мастлик ҳолатида эканлигини кўрсатган.

Аёлнинг ушбу хатти-ҳаракати 2016 йил 7 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Зомин тумани очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

 

Жиззах вилояти ИИБ.

Text to speech