7 Июл 2020 йил 627

Шифохонада содир этилган ўғирликка қандай чора кўрилди?

2020 йилнинг 30 июнь куни Шароф Рашидов тумани, "Оқ олтин" қишлоқ фуқаролар йиғинида  яшовчи, 1980 йилда туғилган Ж.С. Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб, “Samsung” русумли уяли алоқа воситаси ҳамда 213 минг сўм пулини ўғирлатиб қўйганлигини билдирган. Маълум бўлишича, жиноят тунги соат 1.30лар атрофида республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида юз берган. Ўғрига жабрланувчининг шифохона ҳовлисидаги ўриндиқда ухлаб қолгани қўл келган.

Ички ишлар органлари ходимларининг суриштируви натижасида мазкур жиноятни Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Д.З. содир этганлиги аниқланди. Айбланувчидан далилий ашёлар ҳужжатлаштириб олинган. Суриштирув ҳаракатлари давомида Д.З. Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган таниши М.А.нинг мастлигидан фойдаланиб, 3 дона гиламини ўғирлаганлигини билдирди. Д.З.дан 2 дона гилам ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати      

Text to speech