1 Сентябр 2020 йил 630

Шодиёна муносабати билан муносиблар мукофотланди!

Мана 29 йилдирки, мустақиллик энг улуғ, энг азиз байрам сифатида қалбимизда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиб келади. Зеро, у ҳар дам шукур қилинадиган, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб-асраладиган, азиз ва бебеҳо неъматдир.

Айтиш жоизки, мазкур шодиёна арафасида халқимиз тинчлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган қатор юртдошларимизни муносиб равишда рағбатлантириш одат тусига кирган.

Хусусан, Жиззах вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда фидокорона хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи”, Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Шунга биноан вилоят ички ишлар бошқармасида бошқарма раҳбарияти ҳамда шахсий таркиб иштирокида муносибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мансур Саттаров сўзга чиқиб, йиғилганларни мустақиллигимизнинг 29 йиллик шодиёнаси билан қутлади. Шунингдек, рағбатлантирилган ходимларнинг келгуси иш фаолиятларига омадлар тиланди.

Тадбир сўнгида мамлакатимиз тинчлиги, тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаган мустақиллигимиз абадий бардавом бўлишлиги хусусида сўз юритилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати  

Text to speech