30 Сентябр 2020 йил 647

СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛИ ТАФАККУР!

Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,

Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.

Олимми, шоирми ва ё санъаткор,

Илк бор сизга томон устоз деб боққан.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларга ҳурмат, ўқитувчилик касбининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Тизимнинг моддий техник базаси мустаҳкамланиб, ўқитувчи мақомини қонун билан ҳимоялаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда, қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган меҳрибон устозларимиз сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Биз учун кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.

Халқ осойишталигини таъминлашга масъул бўлган ички ишлар органлари ходимларининг ақлий ва жисмоний жиҳатдан етук даражага эришиши муҳим аҳамиятга эга омилдир. Зеро, ички ишлар органлари ходими талабчан, изланувчан, ташаббускор, ўз устида тинимсиз ишлаб, билимини, касб маҳоратини ошириб борадиган фидоий, ҳалол, шижоатли ва янгича фикрлайдиган бўлиши лозим. Бундай эзгу мақсадни зиммасига олган соҳа вакиллари эса ўқишдан, изланишдан асло тўхтамасликлари лозим. Бу борада муҳтарам устоз ва мураббийларимиз беминнат елкадошларимиз ҳисобланади.

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида таълим олаётган ёшларимизга машғулотларни умумтаълим фанларидан маҳоратли ўқитувчилар, соҳага оид махсус фанларни эса шу соҳада хизмат қилган тажрибали мутахассислар олиб боришмоқда. Ёшларни тизимга қўйилаётган замонавий талабларга мос, она юртга садоқатли, ватанпарвар кадрлар сифатида тарбиялаш улардан жуда катта масъулият талаб этади.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат - эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.

Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Барча устоз ва мураббийларимизни 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни» билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз. Ёш авлодга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг, азиз устозлар!

 

Гулноза ПОЧОЕВА,

ИИВ Жиззах академик лицей маънавият

ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари.

Text to speech