Собиқ ҳарбий фирибгарликда айбланмоқда
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Оқбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат этиб, Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўлимининг собиқ ходими О.Ў. муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш учун ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини билдирган. Мазкур мурожаат асосида тезкор тадбир уюштирилди ва Жиззах шаҳридаги “Зебо” савдо маркази қаршисида 500 АҚШ долларини олган О.Ў. ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Маълумот ўринда айтиш керак, Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган айбланувчи 2018 йилнинг 1 февралидан то 2020 йилнинг 27 майига қадар Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўлимида фаолият кўрсатган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168- моддаси (фирибгарлик) 1- қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати