Соғлигингизга бефарқ бўлманг!
Коронавирус сабабли жорий қилинган қатъий карантин тартиби юртдошларимизнинг ижтимоий ҳолати, турмуш шароитига ўз салбий таъсирини кўрсатгани барчага маълум. Қолаверса, давлат ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, саноат корхоналари фаолиятининг чеклангани, жамоат транспортлари тўхтатилиб, оммавий тадбирлар таъқиқлангани каби омиллар ҳам давлат иқтисодий кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатди. Шу сабабли республика махсус комиссияси қарори билан карантин тартиби босқичма-босқич юмшатилди. Аммо бекор қилинмади. Аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш каби чоралар сақлаб қолинди. Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида афсуски, фуқаролар карантин тартиби юмшатилганини нотўғри талқин қилаётгани маълум бўлди.
Кейниги кунларда юртимизда карантин тартиби қайта кучайтириладими деган савол барча фуқароларни қийнамоқда. Сабаби коронавирус билан касалланганлар сони кескин ўсиб бораётганидир. Жиззах шаҳрида ўрганишимиз натижаси фуқароларнинг оддий ниқоб тақиб юриш қоидаларини ҳам менсимаётганини кўрсатмоқда.
Бир вақтлар харобага айланган Ўрда боғи бугун аҳолининг сайр қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун гўзал маскан бўлган. Афсуски, фуқароларимиз ниқобсиз юргани етмагандек, ўзаро масофа ҳам сақлашмаяпти. Ёш йигит-қизларнинг жамоат жойидаги ҳаракатларинику гапирмаса ҳам бўлади. Фуқароларга нисбатан эслатмаларимизга эса турли баҳоналар билан жавоб беришди.
Ниқобсиз ҳолатда юрган фуқароларни бозорларда ҳам учратдик. Учратганда ҳам иякка тушириб юриш у ёқда турсин, айримларнинг ниқобдан умуман фойдаланмай қўйганига ҳам гувоҳ бўлдик. Санитария ҳолати ва ижтимоий масофа ҳақидаку сўз юритиш бефойдадек кўринди. Харидорлар, сотувчилар ўзаро масофа сақлашни унутиб, ниқобсиз савдо қилишмоқда. Огоҳлантиришларимизни кимдир инобатга олса, яна кимдир умуман эътибор бермаяпти.
Ўрганишимиз шуни кўрсатдики, фуқаролар ё коронавирусдан қўрқмай қўйишди, ёки ҳолатга бепарво муносабатда бўлишяпти.
Огоҳлантириш ва эслатмаларимиздан кейингина турли баҳоналарни келтириб, ниқобларини кўрсатишмасди. Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, карантин тартибининг қайта кучайтирилиши, фаолият ва ҳаракатларимиз чекланиши, бозор ва умумий овқатланиш жойларининг ёпилишидан тортиб, жамоат транспорти ва оммавий тадбирларнинг таъқиқланиши ёҳуд бунинг акси бўлиши ўзимизга, фуқароларга боғлиқ. Буни республика махсус комиссиясининг расмий баёнотларидан ҳам англаш мумкин. Шундай экан, танланг ҳурматли фуқаролар!
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати