“Соғлом ҳаёт” махсус профилактик тадбирлари кучайтирилмоқда
Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан аҳоли ўртасида ушбу вирус тарқалишининг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда ички ишлар органлари, Миллий гвардия, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, олий, ўрта махсус ҳамда ўрта умумтаълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 26 июндаги “Соғлом ҳаёт” махсус профилактик тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармойишининг ижросини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Чунончи, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокида тунги клублар, бар, ресторан, дискотека, чилимхона ва массажхоналарда рейдлар ўтказиш, фоҳишабозликка қарши курашиш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, омманинг тиббий маданиятини ошириш, хусусан ОИТСнинг оқибатлари, унинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини кучайтирилган тартибда уюштириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, аҳоли гавжум жойлар, жамоат транспортлари, ўқув муассасаларида мавзуга оид эслатмалар, паннолар ўрнатиш, ОИТСнинг зарарли оқибатлари тўғрисида кўрсатув ва ҳужжатли фильмлар намойиш этиш, ОИТСга чалинган беморларга берилаётган тиббий ва ижтимоий ёрдам кўламини ошириш, спорт мусобақалари ва маданий дастурлар ташкил қилиш юзасидан фикрлар билдирилар экан, бу каби ишлар мавсумий бўлиб қолмасдан, йил давомида амалга оширилиши лозимлиги уқтирилди.
— Бугунги йиғилишда ички ишлар органларининг жиноят қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш каби соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия, ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази каби ташкилотларнинг ОИТСга қарши курашиш борасидаги фаолиятини уйғунлаштиришга келишиб олинди, — дейди Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, подполковник Ғанишер Бўронбоев. — Бундай ҳамкорлик ахлоққа қарши ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан тезкор профилактик тадбирлар ўтказиш, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ахлоқсиз турмуш кечираётганлар ҳамда гиёҳвандларда ОИВ инфекцияси ва тери-таносил касалликларини аниқлаш каби тадбирлар самарадорлигини оширишда қўл келиши тайин.
Йиғилишда ёшлар, корхона ва муассасалар ишчи-ходимлари, шунингдек уюшмаган аҳоли вакиллари иштирокида бир қатор оммавий тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича режалар белгилаб олинди.