28 Май 2020 йил 735

Спиртли ичимлик таъсирида содир этилган жиноятлар муҳокама этилди

Ғаллаорол тумани, Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1977 йил туғилган фуқаро 1973 йил туғилган қўшниси билан турли сабаблар юзасидан тортишиб келарди.

Жорий йилнинг 24 май куни тунги соат 01:30 лар атрофида фуқаролардан 1977 йил туғилгани спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтган гап-сўзлар учун қўшнисидан кечирим сўрашини талаб қилган. Таббийки, ароқдан ақлини йўқотган шахснинг танаю маломатлари хали уйқуси тарқамаган қўшнига маъқул келмайди. Бир зумда даҳанаки жанжал муштлашувга айланган. Қисқаси, хонадон соҳиби жаҳлини жиловлай олмасдан ўзи билан олиб чиққан пичоқ билан сарҳушт қишлоқдошини ўртача оғир даражада жароҳатлаган.

Яраланган эркак республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали хирургия бўлимига лаб соҳасининг пастки қисми кесилиши, ўнг қўл билак қисми кесилиши, чап қулоқ йиртилган жароҳат, буйракнинг чап томонига чуқур кирган жароҳат ташҳиси билан ётқизилган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.

Тумандаги Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган жиноят муҳокамасида дастлаб мазкур жиноят тафсилотлари айтиб ўтилди. Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мансур Сатторов жиноятни келтириб чиқарган сабаб ва омиллари унинг келгусидаги оқибатлари хусусида фикр юритди. Йиғилишда сўз олганлар ҳудудда бу каби жиноятларнинг содир этилишига йўл қўймаслик, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ҳозирги кунда долзабр бўлиб тарган коронавирус инфекцияси хавфидан огоҳ бўлиш каби масалаларига тўхталиб ўтишди.

Худди шунингдек, ушбу кунда туманнинг Олимлар маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, Олимлар маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1979 йил туғилган фуқаро маст ҳолда ўзига тегишли юк ташиш мотоциклида туманнинг Бахт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган йўлда ҳаракатланиш вақтида йўл қоидаларига амал қилмаган. Табиийки, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи “Жентра” русумли автомобил бошқарувчисига бу ҳолат ёқмайди. Натижада “Жентра” бошқарувчиси маст эркакка енгил тан жароҳати етказган. Шунингдек, йўл қоидасини бузганлиги тўғрисида ички ишлар ходимларига хабар берган. Бундан аламзада бўлган мотоцикл бошқарувчиси укаси орқали “Жентра” ҳайдовчисидан қасд олишга уринади. Қисқаси, йўл қоидасини бузган мотоцикл бошқарувчиси ҳам ва унга қўл кўтарган “Жентра” ҳайдовчиси ҳам қонунни бузган. Уларнинг ушбу хатти-ҳаракати йиғилиш қатнашчилари томонидан турли даражада баҳоланди. Кимдир ҳар икки тарафга ҳам қонуний чора кўриш лозимлигини айтган бўлса, яна кимдир эски танишларни яраштириш энг тўғри йўл эканлигини билдирди.

Дарҳақиқат, тумандаги ҳар иккала жиноят ҳам спиртли ичимлик таъсирида содир этилган. Йиғилишда сўз олганлар масаланинг шу томонида эътибор беришар экан, алкагол тасирига тушиб қолмаслик, ёмон одатлардан сақланиш, кечиримли бўлиш ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech