1 Август 2021 йил 597

Фаолият таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг иккинчи чораги ва биринчи ярим йилликда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа тарзида ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда соҳавий хизматлар масъуллари иштирок этдилар.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқарган йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Жўрабек Хожановнинг ахбороти эшитилди. Нотиқ томонидан дастлаб ички ишлар органларини эл манфаатларига хизмат қиладиган том маънодаги халқчил тизимга, маҳаллаларни эса хавфсиз ҳудудга айлантиришга қаратилган ислоҳотлар тилга олинди. Чунончи, вилоятда фаолият кўрсатаётган 165 та шаҳар-туман ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларини ташкил этиш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу масканларда маъмурий иш ҳужжатлари бўйича суд органлари билан масофавий суд жараёни ўтказлиши йўлга қўйилди.

Вилоятдаги барча маҳаллаларга жиноятчиликни жиловлаш, аҳолининг муаммоларини “маҳаллабай”, “оилабай” ва “фуқаробай” аниқлаб ҳал этиш борасида амалий кўмак бериш учун вилоят ички ишлар бошқармаси ва шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқлари, ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари ва бошқа ходимлар бириктирилди.

Криминоген вазият оғир бўлган маҳаллаларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, улар профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда хизмат қилишмоқда. Натижада ушбу маҳаллаларнинг 16 тасида умуман жиноят содир этилмади, 8 тасида камайишга эришилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилиш давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги камчиликлар туфайли қасддан баданга оғир шикаст етказиш, безорилик, босқинчилик жиноятлари ҳамда йўл-улов ҳодисалари ортганлиги маълум қилинди.

Вилоятда содир этилган жиноятларнинг асосий салмоғи Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл туманларига тўғри келади. Шу маънода, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар танқид остига олиниб, фаолиятни ўнглашга оид аниқ топшириқлар берилди. Худди шундай, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида шу йилнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар асосида ички ишлар органлари ходимлари бажариши лозим бўлган вазифалар тўғрисида атрофлича сўз юритди.

Йиғилишда 3- сектор ҳудудида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. бажарилаётган ишларни жонлантириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари ҳамда соҳавий хизматлар ҳудудий ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботи тингланди. Йиғилиш давомида камчиликларни бартараф этишга қаратилган муҳим вазифаларнинг бажарилиш муддатлари белгилаб олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech