Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Чинобод маҳалла фуқаролар йиғини Туркистон кўчасидаги турар жойда фуқаро билан суҳбат ўтказаётган Дўстлик тумани ИИБ профилактика инспектори акс этган видеотасвирлар тарқалди. Дарҳақиқат, мазкур манзилда жорий йилнинг 5 август куни Дўстлик тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими таянч пунктлари профилактика инспектори Сафар Норқулов суриштирув ҳаракатларини олиб борган.
Суриштирувга Чинобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мирзааҳмад Сайдиевнинг Дўстлик тумани ИИБга жорий йил 3 августда қилган мурожаати сабаб бўлган. Фуқаролар йиғини раисининг аризасида билдирилишича, Дўстлик тумани Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1975 йил туғилган Зоҳид Джумаев карантин қоидаларини бузган ҳолда аҳолини тўплаган ва давлат органларига нисбатан салбий қарашларни уйғотишга уринган ҳамда шу мақсадда видеотасвирларни интернетда тарқатган.
Дастлаб Зоҳид Джумаев томонидан тарқатилган видеоматериал тўғрисида тўхталиб ўтсак. Видеоматериалда билдирилишича, Чинобод маҳалла фуқаролар йиғини Туркистон кўчасида яшовчиларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилмаётгани, шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги қарорига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила сифатида уларнинг оилалари пул билан таъминланмагани, депутатлар ҳудуд аҳолисининг ҳолидан хабар олмаётгани маълум қилинган.
Лекин вазият баён қилинганидек эмас. Чунончи, мурожаат этувчиларнинг аксарига тегишли тартибда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, мурожаатчи Г.Ниёзхўжаевага жорий йилнинг 30 июль куни 850 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ҳамда пластик картасига 1 миллион сўм миқдорида пул ўтказиб берилган. Мурожаатчи Н.Бултаковага эса маҳалла фуқаролар йиғини кафиллигида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.
Мурожаатчи Д.Сиддиқов ҳамда О.Шодмоноваларга уй жой қуриш учун 3 сотихдан ер майдони ажратилган. Худди шундай, С.Раҳмоновага шу йил 30 июль куни 680 минг сўм нақд пул шаклида моддий ёрдам ҳамда туман ҳокими қарори билан такрорий экин экиш учун 1 гектар ер майдони ажратилган. Шу жумладан, Ю.Қаршиева, М.Нормуродова, Б.Аҳмедова, Н.Ражобовалар “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келинган. Хуллас, мурожаатчилар ижтимоий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Шу ўринда Зоҳид Джумаев ҳақидаги айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этишни жоиз, деб билдик. Зоҳид Жумаев муқаддам бир неча марта судланган. Хусусан, 2010 йилнинг 16 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (давлат мулкини талон-торож қилиш), 2010 йилнинг 2 декабрида 109-модда (қасддан баданга шикаст етказиш), 2014 йилнинг 22 октябрида 140-модда (ҳақорат қилиш) ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 2019 йилнинг 1 июлида 168-модда (фирибгарлик) билан айбланиб, судланган. Хуллас, Зоҳид Жумаевни бу каби видеоматериалларни тарқатишга ундовчи “сабаб”лар мавжуд. Умуман олганда бундай “тарих”га эга шахсни блогер, деб аташ қанчалик ўринли, билмадик.