13 Январ 2021 йил 692

Тазйиқ руҳни синдиради

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили 1 миллиондан ошиқ одам жисмоний ва руҳий тазйиқ туфайли ҳаётдан кўз юмади. Мазкур рақамлар қайсидир маънода миллионлаб инсонларнинг жисмоний ва руҳий азобда яшаётганлигини тасдиқлайди. Бундайлар руҳан синиши, ақлий ривожланишдан орқада қолиши, жисмонан мажруҳ бўлиб қолиши кўп бора исботини топган. Мутахассислар ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг каттагина қисмини зўравонликлар билан боғлайдилар.

Аксар зўравонликлар оила аъзоларига нисбатан, яъни фарзандлар, турмуш ўртоғи ёки кучсиз бўлиб қолган ёши катталарни хўрлаш тарзида амалга оширилади. Ёшлар ўртасида эса тасодифий жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учрайди. Шунингдек, турли давлатлардаги мактаблар, иш жойлари, жазони ўташ муассасалари, қариялар уйларида жинсий тажовузлар кузатилаётир. Болаларга қилинган тазйиқлар уларнинг келажагини барбод қилади. Бундан оилалар, пировардда жамият зарар кўради.

Шу маънода, бош вазифаси жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўлган ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар белгиланган. Бу мақсадда Жиззах вилоятида жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш ҳолатларини аниқлаш, жабр кўрганларни ҳуқуқий ҳимоялаш, психологик ёрдам бериш ва қонунбузарларга нисбатан тегишли чора қўллашга қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2020 йилда вилоятда 250 дан ошиқ жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш ҳолати аниқланган. Яна ҳам аниқроғи, бундай қонунбузарликка йўл қўйганларнинг 189 таси эркаклар, 37 таси аёллардир. Эътиборлиси, бу тазйиқларнинг 198 таси 31 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилган. 248 та тазйиқ оила доирасида юз берган.

Тазйиқларнинг 124 таси жисмоний, 120 таси руҳий зўравонлик кўринишида амалга оширилган. Зўравонликларнинг 67 таси маст ҳолатда, 181 таси руҳий таъсирда кечган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жабрланган аёлларга ҳимоя ордери бериш чоралари кўрилиб, маҳалла фаоллари билан биргаликда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Болаларга нисбатан тазйиқ ўтказилганда эса ўқув муассасалари педагогик жамоалари, хусусан мактаб психологлари билан ҳамкорлик қилинаётир.

Зўравонларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилиши билан бирга айбдорларга ушбу қонунбузарликларга қайта қўл уриш оқибатлари тушунтирилаётир. Айни мақсадда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан аҳолига ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда реабилитация қилишга ихтисослашган сайёр автобус фаолияти йўлга қўйилган.

       

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

Text to speech