Тегишли тартибда чора кўрилган
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зафаробод тумани Ёрқин ШФЙда яшовчи Бунёд Узоқовнинг 2018 йил 4 май куни бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автоулов иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ишнинг кўриб чиқилишидан норозилиги ифодаланган видеомурожаати тарқалди.
Дарҳақиқат, 2018 йил 4 май куни тунда Пахтакор туманидаги 4R32- сонли Зафаробод – Чимқўрғон йўлининг 79- километрида фуқаро Бунёд Узоқов бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автоулови билан ўша пайтда Зафаробод тумани ИИБ ҲПБ катта инспектори лавозимида ишлаган Баҳриддин Маҳкамов бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашинанинг орқа чап қисмидан урган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ масъуллари томонидан тегишли тартибда хизмат текшируви ўтказилган. Хизмат текшируви хулосасига кўра, ўша вақтда Зафаробод тумани ИИБ ҲПБ катта инспектори лавозимида хизмат қилган Баҳриддин Маҳкамов йўл қўйган камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, йўл-улов ҳодисаси рўй берган куни Зафаробод тумани ИИБ ҲПБ катта инспектори лавозимида хизмат қилган Баҳриддин Маҳкамов Жиззах вилояти суд-тиббий экспертиза бюросининг суд-кимё бўлимида наркологик текширувдан ўтказилган. Пахтакор тумани прокуратураси вакили иштирокида ўтказилган текширув натижасида берилган Баҳриддин Маҳкамовнинг алкоголли ичимлик таъсирида бўлмаганлигини кўрсатган.
Баҳриддин Маҳкамов айни вақтда Мирзачўл тумани 12- сонли фавқулодда вазиятлар бўлимининг профилактика бўйича бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатмоқда.