Темир йўлдаги қонунбузарлик
Жорий йилнинг 17 октябрь куни соат 08:00ларда Шароф Рашидов тумани, Хайробод маҳалласи, Заргузар кўчаси, 22-уйда яшовчи Маъруфжон Темиров давлат рақами 25 Ж 497 ФА бўлган “Нексия” русумли автоуловида йўлга шошиб чиққанди. Аксига олиб кесишмада шлагбаум туширилган, темир йўлдан “Афросиёб” тезюрар поезди ўтиши кутилаётган эди.
Поезд ўтди ҳамки, шлагбаум кўтарилавермади. Шунда Маъруфжон Темиров пўлат отини қарама-қарши йўлга бошқарди. Шлагбаумнинг ёпиқлиги, светафорнинг қизил чироғи ёниб тургани уни ноқонуний ҳаракатдан тўхтатиб қололмади. Табиийки, буни кўрган темир йўл назоратчиси ҳайдовчини тўхташга ундади. Қонуний талаб учар ҳайдовчига ёқмади ва у автоуловидан тушиб темир йўл навбатчисини сўкиб, ҳақоратлай бошлади. Бу камлик қилганидек ўз хизмат вазифасини бажараётган темир йўл ходимини тошбўрон қилди.
Ундан ҳам бадтари, автомашинаси билан йўлни тўсиб темир йўл кесишмасида бир неча минутлик тиқин ҳосил қилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу пайтда темир йўлдан бошқа поезд келаётган эди. Қисқаси, зўравон Маъруфжон қайсидир даражада ўзиники билан бирдек бошқа ҳайдовчиларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйди. Бирор кор-ҳол рўй берганида поезд ҳалокатига ҳам сабабчи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди.
Ушбу қонунбузарлик 3 декабрь куни Жиззах шаҳрининг Жиззахлик маҳалласида Жиззах шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Маъруфжон Темиров судда айбини тан олиб, енгиллик сўради.
Суд ҳуқуқбузарнинг қилмишини майда безорилик сифатида баҳолади. Қонунбузарлик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183- моддаси билан малакаланди. Бу модда энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқни назарда тутади. Айбдорга 5 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу давр учун қамоқ харажатлари, яъни, 167 минг 250 сўм ҳам Маъруфжон Темировдан ундирилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси траснпортда хавфсизликни таъминлаш бўлими томонидан темир йўлларга туташ ҳудудларда қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар мунтазам уюштирилмоқда.