20 Октябр 2020 йил 548

Тил - миллат маданиятининг кўзгуси

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда соҳавий хизматлар шахсий таркиби, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқитувчилари, соҳа фахрийлари иштирокида маърифий йиғилиш бўлиб ўтди. 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев бошқариб борди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги ҳамда Жиззах давлат педагогика институти вакиллари сўзга чиқиб, ўзбек тилининг тарихи, тараққиёт босқичлари унинг ривожига ҳисса қўшган мутафаккирлар ҳамда истиқлол йилларида ўзбек тилининг мақоми ва нуфузини ошириш борасида қилинган ишларга атрофлича тўхталиб ўтдилар. Хусусан, республикамиз Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти ва мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг вилоятдаги ижроси тўғрисида маълумот берилди.

Айтиш жоиз, ушбу фармон асосида республика Вазирлар Маҳкамаси қошида давлат тилини ривожлантириш департаменти юзага келтирилди. Худди шундай, Вазирлар Маҳакамаси қарори билан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликларида раҳбарларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди. Табиийки, ички ишлар органларида ҳам бу лавозимга салоҳиятли мутахассислар тайинланган.

Масалага бундай ёндашув ташкилот, корхона ва муассасаларда иш ҳужжатларининг давлат тилида юритилишини таъминлаш, бу йўналишда кузатиладиган нуқсонларни бартараф этиш имконини беради. Йиғилиш давомида давлат тилига оид ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги камчиликлар ҳам тилга олинди. Чунончи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, корхоналарни чет тилларида номлаш, хориж тилини ўрганиш асносида ўз тилини унутиб қўяётган ёшлар, ёт сўзларни аралаштириб қўллаш каби ҳолатлар танқид остига олинди.

Тадбирда тил сиёсатини юритиш, янги илмий сўз ва атамаларнинг истеъмолга киритилиши, жойларни номлаш, давлат тилига оид илмий изланишларни кучайтириш юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Қисқаси, ички ишлар органлари ходимлари она тилимизга оид билимларини янада ошириш имконига бўлдилар. Йиғилиш якунида китоб ярмаркаси уюштирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech