25 Октябр 2020 йил 660

Тинчлик ва осойишталик – халқимизнинг бахти

Республикамиз истиқлолга эришган дастлабки йиллардан то бугунга қадар халқимиз тинчлиги ва осойишталиги ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Яна шуниси аниқки, мазкур  эзгу мақсадни амалга оширишда ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ўрни бор. 

Айниқса сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар соҳа вакилларининг жамоат хавфсизлиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолиятини ҳар жиҳатдан мукаммаллаштириш талабини қўймоқда. Шу маънода, ички ишлар органи ходимининг бош вазифаси жиноятларнинг олдини олиш этиб белгиланди.  

Айни мақсадда ички ишлар органларига оид ҳуқуқий ҳужжатлар жадал такомиллаштирилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда кучга кирган “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги каби бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар жиноятчиликка қарши кураш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш асосларининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Бу ишларнинг тизим моддий техник негизини кучайтириш, илғор услуб ва технологияларни қўллаш, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига уйғун тарзда амалга оширилаётгани соҳа вакиллари масъулиятини янада оширмоқда. Мавзуга Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ҳамда соҳавий хизматлари фаолияти мисолида ёндашадиган бўлсак, қуйидагиларни эътироф этиш мумкин.

Вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 2019 йилнинг      9 ойига нисбатан бир қатор турдаги жиноятларни камайтиришга эришдик. Мисол учун ўта оғиртурдаги жиноятлар 24 фоизга, хусусан, номусга тегиш              67 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 31 фоизга камайган.

Савдо нуқталари ва транспорт воситаларидан ўғирлик қилиш, бангихона сақлаш, транспорт воситаларини олиб қочиш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари  14 фоизга камайишга эришилди. Умуман олганда,     2020 йилнинг 9 ойи мобайнида 144 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Табиийки, бу натижаларга энг замонавий технологияларнинг татбиқ этилиши, ички ишлар органлари ходимларининг билим ва малакалари мунтазам оширилаётгани, жойлардаги ички ишлар органлари биноларида ходимлар учун муносиб хизмат шароитлари яратилаётгани омил бўлмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керак, 2019 йилда вилоятдаги 10 та ички ишлар органлари биноларида таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, бу йил 20 дан ошиқ бино қисман ёки жорий таъмирланиб, бир нечта янги иншоотлар қурилмоқда.

Чунончи, Шароф Рашидов тумани ИИБ 8-сонли ҳамда Ғаллаорол туманидаги 5-сонли ички ишлар бўлинмалари ва Пахтакор тумани ИИБ ЙПХ шахсий таркиби янги биноларга эга бўлишди. Шунингдек, республика Ички ишлар вазирлиги томонидан бу йил Жиззах вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига 2 дона, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига 1 дона “Nexia” русумли автоуловлар ҳамда навбатчилик қисмига 1 дона “Patriot” русумли йўл танламас ажратилди. Бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг тезкорлигини ошириш учун хизмат қилаётир.

Вилоятда аҳоли пунктлари, ташкилот, корхона ва муассасалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда жамоат жойларига видеокузатув камералари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 10 мингдан ошиқ видеокузатув ускуналаридан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда фойдаланилмоқда.

Ана шу қурилмаларнинг 200 таси ички ишлар органларидаги ситуацион марказларга уланган бўлиб, улар орқали ҳудудлардаги жамоат жойлари мунтазам кузатиб борилади. Бундан ташқари вилоят йўлларида 7 та кўчма радар ҳамда 14 та видеокузатув қурилмалари орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракати ва тезлиги назорат қилинмоқда. Эътиборли жиҳати бу ускуналарнинг бир қисми фуқароларнинг юзини таниш, транспорт воситаларининг ранги, русуми ва давлат рақамларини аниқлаш билан бирга маълумотларни умумлаштириш, статистик ҳисобот юритиш, қидирилаётган шахс ёки автоуловни қисқа муддатда топиш салоҳиятига эга. Мазкур инновацион имкониятлар жиноятчиликка қарши курашда натижадорликни таъминлаётир.

Фуқароларнинг ички ишлар органларига мурожаат этиш имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, ҳудудида хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида автомашина билан таъминланган профилактика инспекторлари халқнинг том маънодаги кўмакчисига айланди. Қисқаси, вилоятнинг барча аҳоли пунктларида “Хавфсиз ҳудуд” концепцияси асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Хавфсиз шаҳар” концепцияси ҳамда республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 июндаги “Жиззах вилоятида жамоат тартибини сақлашни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах шаҳрида патруль-пост хизмати 3 навбатда ташкил этилди. Бу эса вилоят марказидаги энг гавжум кўчалар, аҳоли тўпланадиган жойлар, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда бўш турган иншоотларни доимий назоратга олиш имконини берди.

Ички ишлар органлари ходимлари секторларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган тадбирларда ҳам фаол қатнашмоқдалар. Чунончи, Президентимиз ҳамда республика Ички ишлар вазирининг топшириғи асосида эҳтиёжманд оилалаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан самарали ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, вилоят ички ишлар органлари масъуллигидаги секторларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга 3,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар ажратилишига эришилди. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли 3 минг 912 киши ишга жойлаштирилди.

Худди шундай, мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, электр, газ ва сув таъминотини яхшилаш, йўлларга шағал ётқизиш, турар жойларни таъмирлаш, тиббий кўмак кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топилаётир.

Жорий йилда ички ишлар органлари ходимлари аҳоли орасида коронавирус инфекция тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган тарғибот тадбирларида фаол қатнашдилар. Улар томонидан фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилиниши назоратга олинди.

Яна шуни алоҳида эътироф этиш жоиз, вилоятимиз ички ишлар органлари ходимлари Сардоба сув омбори билан боғлиқ техноген офат юз берганида аҳолини кўчириш, ҳудудда қолган мол-мулкларни асраш, тошқин оқибатларини бартараф этишда ҳам фаоллик намуналарини кўрсатишди. Қисқаси, соҳа ходимлари халқимизнинг ишончини оқлашга, юрт равнақи йўлида фидойилик билан хизмат қилишга астойдил бел боғлаганлар.

Ўз ўрнида давлатимиз раҳбарияти томонидан тизим вакилларининг тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган фаолияти муносиб баҳоланмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий  хизматларда фаолият кўрсатаётган 50 нафар ходим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан тақдирланди. Шунингдек, жорий йилда вилоятимизда хизмат бурчини ўтаётган 3 нафар ички ишлар органлари ходимлари орден ва медалларга сазовор бўлишди.

Айтиш жоиз, Ватанга бўлган чексиз муҳаббат, садоқат, шу мустақил юртдан фахрланиш туйғуси ҳар бир ходимимизга куч бағишлаб, ўз бурчини аъло даражада бажаришга ундамоқда. Уларнинг ана шу шарафли йўлда, ҳатто, жонларини ҳам фидо қилишга тайёр эканликларига эса имонимиз комил. Байрам кунларида хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган фидойи ходимларимизнинг номларини ҳурмат билан эсга оламиз, уларнинг жасоратларини ҳеч қачон унутилмайди.

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни. Шу маънода, тизимда фаолият олиб бораётган офицер, сержант ва сафдорларни, соҳа фахрийларини, оила аъзоларини байрам билан самимий қутлайман. Уларнинг хонадонларига файзу-барака, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлидаги хизматларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

 

Ғайрат ҚОДИРОВ,

вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор.

 

 

Text to speech