Учинчи сектор фаолиятига назар
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш бўйича Жиззах вилоятининг учинчи секторида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи ҳудудларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.
Хусусан, Фориш туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича учинчи сектор штабида вилоят ташкилотлари масъуллари иштирокида йиғилиш уюштирилиб, ўрта умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш, пандемия шароитида қийналиб қолганларни қўллаб-қувватлаш, аёллар, ёшлар ва темир дафтарига киритилган фуқароларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун шароит яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳитини ҳосил қилиш, «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» дастурларини самарали амалга ошириш, туманда узумчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича режалар белгилаб олинди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманнинг олис Порашт қишлоғидаги 13-сонли ўрта умумтаълим мактабида фуқаролар билан мулоқот ўтказди. Бу ерда аҳоли томонидан қишлоқнинг марказий кўчасига асфальт ётқизиш, мини стадион қуриш, ичимлик суви тармоғи тортиш, электр трансформатори ўрнатиш, артезиан қудуғи қазиш масалалари кўтарилди.
Қувонарлиси, шу жойнинг ўзида айрим муаммоларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. Чунончи, 1 километр йўлга асфальт ётқизиш ҳамда электр трансформаторини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Мини стадион қурилиши учун кредит ажратишга банк вакили бириктирилди. 13-сонли ўрта умумтаълим мактабида туман Ички ишлар бўлими ҳисобидан шу ҳафтада артезиан қудуғи ковланадиган бўлди.
Туманнинг «Нурак» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 26-сонли ўрта умумтаълим мактабида ҳам генерал-майор Ғайрат Қодировнинг фуқаролар билан мулоқоти ўтказилди. Бу ерда уяли алоқа хизматини ва суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, йўлларга асфальт ётқизиш бўйича талаблар билдирилди. Кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Сектор раҳбари мактабда кечаётган таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди.
Худди шундай, Ғайрат Қодиров Зафаробод туманида ҳам бўлиб, учинчи сектор ҳудудидаги «Бирлик», «Чўлигулистон», «Лолазор», «Чимқўрғон» қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги мактабларнинг янги ўқув йилига қандай тайёрланаётганлигини ўрганди. Бу жараёнда қурилиш корхоналарини молиялаштириш, таъмир ишларини сифатли амалга ошириш, иситиш тизимларининг созлигини таъминлаш, ёқилғи захирасини яратиш, спорт залларини замон талабларига мослаш, ободонлаштириш, йўлларни асфальтлаш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур йўналишларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан масъулларга топшириқ ва тавсиялар берилди.
Шу куни бошқарма бошлиғи яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган Зафаробод туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича учинчи сектор штабида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Бу каби мулоқот ва ўрганишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.