Қўй ўғрилари ушланди
Навоий вилояти Нурота тумани ИИБга шу туманнинг Синтоп қишлоғида яшовчи 1953 йилда туғилган Т.О. мурожаат қилиб, 21 бош қўйи ҳамда 3 бош эчкиси йўқолганлигини билдирган. Фуқарога тегишли қўй ва эчкилар Нурота туманига чегарадош бўлган вилоятимизнинг Фориш тумани ҳудудида ҳам қидирила бошланди.
Натижада Фориш тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида чорва моллари туманнинг Порашт қишлоғида истиқомат қилувчи 1997 йилда туғилган Р.Ч., 1991 йилда туғилган Н.Ш., 1993 йилда туғилган Н.А. ҳамда 1996 йилда туғилган А.Ш.лар томонидан ўғирлаганлиги аниқланди. Йўқолган қўйларнинг 3 таси айбланувчилардан бирининг қўрасидан топилиб, ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати