3 Феврал 2021 йил 581

Ўғри овулида овга чиқмайдими?

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги мол бозорида беш бош қўйни сотаётган уч киши ҳудудда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари диққатини тортди. Аниқроғи, қўй эгалари майда шохли моллардан тезроқ қутилишга уринишаётган эди. Суҳбат давомида улар қўйларни қаердан олганлари тўғрисида турлича изоҳ бера бошладилар.

Терговга қадар суриштирув давомида вилоятнинг Мирзачўл тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ака-ука Ж.О. ва Ш.Т. ҳамда шу манзилда яшовчи Ў.Н. қўйларни Фориш тумани Кўктепа сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган қўрадан ўғирлаб келганликларини билдиришди. Эътиборлиси, жабрланувчи Ш.Ф. қўй ўғриларининг маҳалладоши бўлган.

Худди шундай, айбланувчилар сал илгари ҳам мазкур қўрадан икки ҳолатда 10 бош қўйни ўғирлаб, сотиб юборганликлари аён бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech