Устоз бу сафар ҳам адашмаганди
Илҳом Салимов тўғрисида илк маротаба эшитганим: “Хонада ўтириб жиноятни очади”, деган гап бўлган. Ўшанда ҳайрон қолганман, қандай қилиб хонадан чиқмасдан жиноятни очиш мумкин? Кейин билсам, бундай салоҳият жиноят қидирув соҳасида тўпланган кўп йиллик тажриба ҳамда муайян ҳудуд жиноий вазиятидан доимий хабардорлик натижаси экан.
Кўп ўтмай ўзим ҳам жиноят қидирув тизимига хизматга ўтдим ва Илҳом Салимов менга устозлик қилди. У кишидан соҳа сирларини ўргандим. Устоз ҳеч қачон шогирд тарбиялашдан эринмайди. Бўйсунувидаги ходимга топшириқ берар экан, нима қилиш кераклигини миридан сиригача тушунтиради. Агар хатога йўл қўйсанг, ўша вазифани қайта-қайта бажаришингга тўғри келади. Хуллас, пишиқ ишламаганингга қўймайди. Жойи келганда эса сен учун қоядек туриб беради.
Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармасининг шахсга қарши қаратилган жиноятларга қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи, подполковник Илҳом Салимовнинг яна бир ўзига хос одати бор. Жиноятни очмагунча воқеа рўй берган ҳудуддан қайтмайди. Ҳеч бир далил эътиборидан четда қолмайди, унинг учун майда деталнинг ўзи йўқ. Жиноят жараёнини тўлиқ тиклашга интилади. Кўп йиллик тажрибаси ва ажойиб хотираси туфайли жиноят тури ва қандай усулда содир этилганлигига кўра айбдорнинг кимлигини топа олади.
Унинг ички сезгиси кучли, мантиқий фикрлайди. Ҳар қандай инсон билан гаплашар экан икки оғиз гапидан психологиясини тўла ўрганиб олади ва шунга мос ёндашади. Яқинда 6 йил илгари содир этилган қотиллик жинояти фош этилди. Бедарак йўқолган деб ҳисобланган қиз билан боғлиқ иш қайта қўзғатилгач, масалага ойдинлик киритиш Илҳом Салимовга топширилди.
Гумондорлар билан бирма бир суҳбатлашган подполковник улардан бири жиноятга алоқадор эканлигини маълум қилди. Сўроқ давомида устоз бу сафар ҳам адашмаганлиги исботини топди. Айбланувчи 6 йил муқаддам қизни ўлдириб, мурдасини ҳовлисига кўмиб қўйганлигини тан олди.
Умуман олганда Илҳом Салимов томонидан очилган ҳар қандай жиноят тафсилотларини ўргансангиз, масалага заргарона ёндашилганлигини англайсиз. У принципли ва қаттиққўл, тартибни ёқтиради, ишлаб чарчамайди. Шу маънода, подполковник Илҳом Салимов раҳбарлик қилаётган бўлинмадаги ҳар бир тезкор ходим вазифасини мукаммал бажаради. Бўлинма ходимлари учун иш воқеа жойини ўрганиш ва жиноятнинг сабаб ва омилларини таҳлил этишдан бошланади. Сўнгра жиноят ким томонидан қандай содир этилганига оид эҳтимол ва талқинлар илгари сурилади. Кейин бажариладиган ишлар тақсимланади. Кечқурун тўпланган маълумотлар жамланиб, яна таҳлил қилинади.
Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармасининг шахсга қарши қаратилган жиноятларга қарши курашиш бўлинмасига устозимиз раҳбарлик қилгани боис ҳам сўнгги йилларда вилоятимизда қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар “иссиқ изи”да фош этилишига эришилмоқда, десам адашмайман. Фикримча, Илҳом Салимов сингари ходимлар жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бирга халқимизнинг тизимга бўлган ишончининг мустаҳкамланишига сабаб бўлишмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керак, подполковник Илҳом Салимовнинг соҳадаги хизматлари муносиб баҳосини олаётир. Жумадан, у Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик қўл соати билан мукофотланган. Ўтган йили эса “Тезкор хизматнинг аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тергов ва жиноят қидирув йўналишларида фаолият кўрсатган ҳамда муайян вақт Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимига раҳбарлик қилган устозимиз ўнлаб шогирдлар етиштирди. Ҳозирда уларнинг бир қанчаси Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимларида раҳбарлик лавозимларида жиноятчиликка қарши курашишмоқда.
Айтганча, подпоковник Илҳом Салимовнинг бир қизи ота изидан бориб, бу йил ИИВ Академиясини тамомлади. Айни вақтда у Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов гуруҳида хизмат қилаётир. Хуллас, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ана шундай етук мутахассис ва раҳбар ходимга эга.
Санжар РАҲМАТОВ,
Жиззах вилояти ИИБ тезкор қидирув
ҳамкорлиги бўлимининг бўлинма бошлиғи, майор.