4 Июл 2020 йил 927

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига инспекторлар қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси тизимига 20 нафар профилактика инспектори хизматга олиниши муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш хизматга қабул қилинган профилактика инспекторлари, уларнинг ота-оналари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг тажрибали ходимлари иштирокида уюштирилди. Тадбир аввалида сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Авазов ҳамда республика Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи директори, подполковник Камолиддин Умаров юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида вилоятимизда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини татбиқ этиш бўйича қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Йиғилиш давомида янги ишга қабул қилинган профилактика инспекторлари соҳанинг тажрибали ходимларига бириктирилди. Мураббийлар дастлабки 3 ой давомида шогирдлари билан ёнма ён фаолият олиб боришади ва касб сирларини ўргатадилар. Мазкур синов даврида улар ёш ходимларнинг хизматга лаёқатини аниқлашади ва якунда берилган хулоса қайсидир маънода ходимнинг тизимда ишлаши ёки ишламаслигини белгилайди. Умуман олганда, мураббийлар ёш профилактика инспекторларига 1 йил давомида устозлик қиладилар.

Тадбирда ходимларга хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ишга қабул қилинган профилактика инспекторлари республика Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида муайян муддат касб сирларини ўзлаштиришган.

Таъкидлаш жоиз, ишга олинган ходимларнинг бир қисмини илгари профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси вазифасида фаолият олиб борганлар ташкил қилади. Бугун соҳага қабул қилинганлар ва уларнинг яқинлари учун унутилмас кун, десак адашмаймиз.

Жорий йилнинг апрель ойида ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси тизимига 15 нафар ходим хизматга олинган эди. Шу билан вилоятимизда ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими тўлиқ таркибда фаолият кўрсата бошлади. Яна ҳам аниқроғи соҳада 312 нафар ходим хизмат қилаётир. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.        

Text to speech