Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилига фаол қаршилик кўрсатган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Тунги соат 22.25 да Жиззах шаҳридаги 3- сонли ички ишлар бўлимига 1984 йилда туғилган аёл қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи маст ҳолатда уни ҳақорат қилиб, тинчлигини бузаётганлигини маълум қилди. Воқеа юз берган Жиззах шаҳрининг Кимёгар маҳалласига етиб борган профилактика инспектори оила бошлиғини тинчлантиришга уриниб кўрди. Аммо жанжалкаш қонун посбонининг талабларига бўйсуниш ўрнига фаол қаршилик кўрсатди.
Ўз навбатида профилактика инспектори ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига мурожаат қилди. Шундан сўнг профилактика инспекторига бир нафар ички ишлар органлари ходими ёрдамга етиб келди. Буни кўрган безори соҳа вакилларини ҳақорат қилиб, ошхона пичоғини қўлига тутганча ҳаммани пичоқлашини айтиб, таҳдид қила бошлади.
Шунга қарамасдан ички ишлар ходимлари яқинлашаётганлигини кўрган эркак “жанг” қоидаларини ўзгартирди. Бу сафар у ўз жонига қасд қилишга ваъда бера бошлади.
Табиийки, ички ишлар органлари ходимлари куч ишлатиб, ундан пичоқни тортиб олишди. Пичоқ холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган. Жанжалкаш эса Жиззах шаҳридаги 3- сонли ички ишлар бўлимига келтирилди.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди. У энди оиласида кўтарган жанжали билан бирга ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатганлиги учун жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш жоиз, ички ишлар органлари ходимлари тезкор чораларни кўришмаганида кимнингдир ҳаёти хавф остида қолиши ҳеч гап эмас эди. Айтганча, кайфи тарқаган айбланувчи ҳамма айбни ароққа тўнкамоқда. Бу унинг қилмишини оқламайди. Аксинча, ичкилик таъсирида жиноят содир этиш ҳуқуқий жараёнда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати