Ўз касбини улуғлаб...
Сафдор Жаҳонгир Султонов 1988 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. 2004 йилда Жиззах транспорт алоқа касб-ҳунар коллежини тамомлади. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2007 йилда Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими ходими лавозимида бошлаган. 2012 йилдан буён Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди биринчи сафарбарлик гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори.
Сафдор Жаҳонгир Султонов ўзининг меҳнатсеварлиги, хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиши ҳамда юқори билим ва касб маҳоратига эгалиги билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда самарали натижаларга эришмоқда. 2020 йил давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 1 та, транспорт воситаларининг олиб қочилиши билан боғлиқ 1 та, йўл-улов ҳодисасини содир этиб, воқеа жойидан яшириниш билан боғлиқ 1 та ҳамда 1 та ўғирлик жиноятини фош этди. Шунингдек, 1 нафар қидирувдаги шахснинг яширин манзилини аниқлашга муваффақ бўлди.
Жумладан, ўтган йилнинг май ойида сафдор Жаҳонгир Султонов Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1965 йилда туғилган Х.Ж. томорқасида 8 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги етиштирилаётганлигини аниқлади. Худди шу ойда вилоятнинг Ғаллаорол тумани ҳудудида қашқадарёлик А.А.нинг “Камаз” русумли юк машинасида 31 тонна чигитни ноқонуний олиб кетиши билан боғлиқ қонунбузарликка чек қўйди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, сафдор Жаҳонгир Султонов 2020 йилда қоидабузарлик содир этган мингдан ошиқ ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирган. Мазкур қонунбузарликларнинг 25 таси маст ҳолатда транспорт бошқариш билан боғлиқ.
У Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида ўпирилиш юз берганида аҳолини кўчириш, мазкур ҳудудга қурилиш молларини етказиб бериш тадбирларини ташкил этишда фаол қатнашди. Сафдор Жаҳонгир Султонов коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида юзага келтирилган блок-постларда ҳам намунали тарзда хизмат олиб борди.
У аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида йўл-улов ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам уюштириб келмоқда. Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отрядининг энг ибратли ходимларидан биридир.