Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг байрам табриги
Ассалому алайкум ҳурматли фахрийлар, қадрли ҳамкасблар!
Бугун кўп йиллик анъанага кўра, мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва қутлуғ воқеа Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги, яъни 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини тантанали равишда нишонланмоқдамиз. Яхши маълумки, Миллий Армиямиз аскар ва офицерлари профессионал тайёргарлик даражасига кўра жаҳондаги етакчи мамлакатлар қуролли кучларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботлашмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшларимиз қалбида Миллий Армиямиз билан фахрланиш, уларда ватанпарварлик, юртга садоқат билан хизмат қилиш ҳиссини уйғотади. Қолаверса, Қуролли кучларимиз ёш авлод учун мустаҳкам ирода, юксак инсоний фазилатларни шакллантириш, уларнинг ақлий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш ҳамда жисмоний тобланиш мактабига айланган.
Жорий йил 11 январь куни Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисм ва марказий ҳарбий округнинг марказий полигонида ҳарбийлар билан учрашув ўтказган Юртбошимиз армиямизнинг куч-қудрати, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳар қандай хавф-хатарга зарба бера оладиган қудратига муносиб баҳо берди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтиришга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аскар ва офицерларнинг интеллектуал ва жанговарлик даражасини юксалтириш, армияни замонавий техника, қурол ва аслаҳалар билан таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Худди шундай, сўнгги тўрт йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи ички ишлар органлари тизимида йирик ўзгаришлар амалга оширилди. Чунончи, халқ ишончини қозониш ва аҳолига яқиндан хизмат кўрсатиш, фақат ва фақат халқ манфаатларини устувор билиш соҳа ходимларининг бош мақсадига айланди. Ишонаманки, бу мақсад йўлида барчамиз бутун салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан барчангизни табриклайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, қут-барака тилайман. Жамоат тартибини сақлаш, барқарорликни таъминлаш, қонунчилик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизга улкан зафарлар ёр бўлсин.
Жиззах вилоят ички ишлар
бошқармаси бошлиғи,
генерал-майор Ғ.Т.Қодиров