Ўзгаришлар ижобий
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими вилоят ҳудудидан ўтган 303,5 километр узунликдаги темир йўллар ва ана шу йўлларга ёндош 56 та маҳаллада хизмат олиб боради. Чунончи, Жиззах шаҳри, Зомин, Зарбдор, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш, Зафаробод, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларидаги 1 та вокзал, 6 та разъезд, 11 та бекат ва 26 та темир йўл кесишмаси назоратимиз остида. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги 1832 ишчи-ходим фаолият олиб бораётган 48 та корхона ва ташкилот билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Айни мақсадда темир йўлларга ёндош аҳоли пунктларида яшовчи 210 мингдан ошиқ фуқаролар иштирокида тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Мазкур жараёнда темир йўлни кесиб ўтиш қоидаларига қатъий амал қилиш, темир изларда юрмаслик, ёндош ҳудудларда чорва моллари боқмаслик, бегона жисмлар ташламаслик, поездларга тош отмаслик, вагонлардаги юкларни талон-тарож этмаслик бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилаётир.
Бу тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудимиздаги темир йўлларда инсон ўлими ва жароҳатига сабаб бўлувчи ҳодисалар юз бермади. Аммо темир йўллардаги вокзал, разъезд, бекат ҳамда кесишмаларда карантин қоидаларига амал қилмаслик, чорва моллари боқиш, белгиланмаган жойда тамаки маҳсулотлари чекиш, оз миқдорда талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳуқубузарлик ва жиноятлар содир бўлди. Мазкур ҳолатларнинг барчаси бўйича суриштирув ҳаракатлар олиб борилиб, тегишли тартибда жазо муқаррарлиги таъминланди.
Темир йўл инфратузилмаларининг хавфсизлигини таъминлашга ички ишлар органларининг бир қатор соҳавий хизматлари ходимлари жалб этилган. Шу маънода, вилоятдаги мавжуд 11 та темир йўл бекатларининг ҳаммасида соҳа вакиллари учун зарурий шароитларга эга хоналар юзага келтирилди. Бундан ташқари қўриқловга олинмаган 10 та темир йўл кесишмаларига қуёш батереяларидан қувватланувчи ёритгич ва огоҳлантирувчи чироқлар ўрнатилди.
Худди шундай Жиззах вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ўтган йили “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан капитал таъмирдан чиқарилган маъмурий бинога кўчиб ўтди. Бу ерда ходимларимизнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар мавжуд. Чунончи, тергов гуруҳи, профилактика инспекторлари, жиноят қидирув бўлими, жамоат тартибини сақлаш бўйича инспекторлар, тезкор вакиллар учун хоналар ажратилган. Маънавият ва маърифат хонаси, девонхона, навбатчилик қисми, ошхона, ётоқхона, ювиниш хонаси мавжуд Хизмат итлари учун вольер юзага келтирилган.
Навбатчилик қисмида ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилди. Айни вақтда 12 та видеокузатув қурилмаси орқали Жиззах темир йўл вокзалини назорат қилаяпмиз. Ҳудудда ходимларнинг енгил атлетика билан шуғулланиши учун имконият яратилди, саф-машқ майдонимиз бор. Вилоятдаги барча бекатлар билан узвий боғланиш, республика Ички ишлар вазирлиги транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси билан конференс алоқада бўлиш шароити юзага келтирилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси эса барча зарурий ускуна ва жиҳозлар, компьютер ҳамда алоқа воситалари билан таъминлади.
Булар ҳаммаси темир йўллар, вокзаллар, бекатлар, тизимга тегишли иншоотлар ҳамда ёндош аҳоли пунктларида жиноят ва қоидабузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни “иссиқ изи”да очишга қаратилган фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатишига ишонамиз.
Шерзод ХОЛМУРОДОВ,
вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш
бўлими бошлиғи, подполковник.