5 Октябр 2020 йил 568

Ўзимизнинг Ўролбек

Ўролбек биринчи иш кунини яхши эслайди. Туман ички ишлар бўлимида кутиб олган майор унинг ҳужжатлари билан танишар экан: “Зоминданмисан, бу ер чўл, жазирамага кўникишингга тўғри келади”, деди. Кейин қайси фанларни ёқтириши, спортнинг қай тури билан шуғулланганлиги билан қизиқди. Дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида суриштирган бўлди, шунингдек, Жиноят ва Маъмурий кодексларнинг айрим моддаларининг мазмунидан хабардорлигини синовдан ўтказди.

Майорнинг юз ифодасидан 190 сантиметрни бўйлаб турган янги ходимнинг жавобларидан қониққанлиги яққол сезилди. Эртаси куни тонгда ўтказилган йиғинда Ўролбек Абдуазимов шахсий таркибга таништирилди. Шу тариқа лейтанант Жиззах вилояти Арнасой тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профлактикаси бўлимида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспектори лавозимида хизматини бошлади. Ўролбекнинг болалик орзуси ушалганди.

1996 йилда Зомин туманининг Истиқлол қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Ўрол қишлоғида туғилиб ўсган Ўролбек мактабда ўқиб юрган кезлариёқ ички ишлар органлари ходими бўлишни ният қилганди. Унинг соҳага бўлган қизиқишига детектив фильмлар туртки бўлган. Айни мақсадда спорт билан шуғулланди, ИИВ академиясига киришида асқотиши мумкин бўлган фанларга эътиборини кучайтирди. Шу илинжда Хоразмдаги Урганч ҳарбий академик лицейида таълим олди.

Ўрта махсус ўқув муассасасини тамомлагач, ИИВ Академиясига ҳужжат топширди. Аммо имтиҳонлардан ўта олмади. Шундан сўнг яна бир йил тайёрланди. 2016 йилда омади чопиб, ИИВ Академияси курсантлари сафидан жой олди. Бу хабарни эшитган мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи отаси   Хайрулла муаллимнинг боши осмонга етганди, онаси Дилафрўз аянинг кўзларини эса қувонч ёшлари тўлдирганди ўшанда.

Ўролбек фанларни чуқур ўзлаштиришга интилди, амалиётлар давомида билимларини иш жараёнида татбиқ этишга астойдил ҳаракат қилди. Энди булар ҳаммаси ички ишлар органларидаги фаолияти давомида қўл келаётир. Яна шуни тушундики, тажриба бўлмаса, билимнинг ўзи камлик қиларкан.

Чунки ички ишлар органлари ходими қарийб ҳар куни муаммоли вазиятларга ечим топиши керак. Қолаверса, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган шахслар билан тез-тез юзлашишга тўғри келади. Бу эса алоҳида кўникмаларни, махсус тайёргарликни, мустаҳкам ирода ва кучли руҳиятни тақозо этади. Шу маънода, Ўролбек тажрибали ходимларнинг этагидан маҳкам тутган.

Хизмат вазифасидан келиб чиқиб, туман ҳудудидаги ўқув муассасалари, ёшлар билан жамоат ташкилотлари, ҳокимлик ҳамда ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Дарс қолдирадаган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказади. Ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйган воя етмаганлар ва ёшларга ўқитувчилар ва маҳалла фаолларидан иборат мураббийлар бириктирилишига эришди.

Пандемия шароитида эса бундай ёшлар улғаяётган оилалардан тез-тез хабар олиб турди. Патруллик ҳамда профилактик тадбирлар ўтказувчи гуруҳлар таркибида компьютер ўйинлари марказлари, тунги овқатланиш ва маданий хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини назорат қилиб боради.  

— Бизнинг Ўролбек шахсий таркибимиздаги энг фаол ёш ходимлардан бири, — дейди Арнасой тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор Анвар Исматов. — Айтиш жоиз, у вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспекторлигига тайинланганидан сўнг 1 йилдан ошиқ вақт давомида вояга етмаганлар иштирокида бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. Бу даврда профилактик ҳисобда турган 23 нафар вояга етмаганлардан 19 нафари мазкур рўхатдан чиқарилди. Яъни, уларнинг қайта қонунбузарлик содир этмасликларига ишонч билдирилди. Албатта, бу кўрсаткич замирида бир қатор соҳа вакилларининг меҳнатлари, хусусан, лейтенант Ўролбек Абдуазимовнинг хизмати мужассам. Билимли, ўзи устида ишлаб чарчамайдиган ҳамкасбимизнинг ютуқларига вазифасига масъулият билан ёндашиши, интизом ва қонунийликни устувор билиши сабаб, десам адашмайман. Унинг ҳали кўп муваффақиятларга эришишига ишонаман. 

Айтиш жоиз, лейтенант Ўролбек Абдуазимовнинг ҳалол хизмати ўз ўрнида муносиб баҳосини олаётир. Чунончи, у республика Ички ишлар вазирлиги, Жиззах вилояти ИИБ, Арнасой тумани ИИБ ҳамда ҳокимлик ва жамоат ташкилотларининг 9 та фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланган.

Ўролбекнинг столи устидан жой олган бир нечта бадиий асар ҳамда ҳуқуқий мазмундаги китоб ва қўлланмалар унинг билимларини оширишдан тўхтамаганини кўрсатиб турибди. Айтганча, мақоламиз қаҳрамони Арнасой тумани ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ҳафтада икки марта уюштириладиган футбол мусобақаларида ҳужумчи сифатида мунтазам иштирок этади. Хуллас, Ўролбек шахсий таркибнинг қадрли аъзоларидан бирига айланиб улгурган. 

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

 

 

 

         

Text to speech