Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим
Тил софлигини сақлаш, адабий тил қоидалари бузилишининг олдини олиш, давлат тилини бойитиш, Ватан ва миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг бурчи ҳамда вазифасидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.
Ҳозирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганинг ўттиз бир йиллиги кенг нишонланмоқда. Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тингловчи ва ўқувчилари ўртасида “Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим” мавзусида онлайн иншолар танлови ўтказилиб келинмоқда.
– Мазкур тадбирда мен ҳам ўзимнинг ишларим билан қатнашдим, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчиси Баҳринисо Ёқубова. – Ниятим, танловда муносиб иштирок этиб, лицейимизга қувончили ғалабани келтиришдир.
Дарҳақиқат, карантин шароитида онлайн ўтказилаётган мазкур тадбирлар ўқувчи ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш учун хизмат қилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати