Вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли ёзги болалар оромгоҳида қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал бормоқда
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли Ёрулла Норбеков номидаги ёзги болалар оромгоҳи Зомин туманининг иқлими қулай ҳудудида жойлашган. Мазкур оромгоҳда ҳар йили ёзда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари ҳордиқ чиқаришарди.
Аммо сўнгги пайтларда айрим иншоотларнинг эскириши оқибатида дам олиш оромгоҳидаги шароитлар талабга жавоб бермай қолди. Шу боис оромгоҳни замонавий андозаларига мослаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, айни дамгача 5 та ётоқхона қуриб битказилди. Ҳар бир ётоқхонада 7 та қулай шароитларга эга 4 кишилик хоналар юзага келтирилди. Яъни, илгаригидек болалар умумий ётоқхоналарда эмас, алоҳида ва шинам хоналарда дам олиш имкониятига эга бўлишади.
Айни вақтда оромгоҳнинг маъмурий биносида маърифат ҳамда йиғилиш заллари, тиббиёт хоналари таъмирланмоқда. Ушбу бино қаршисида эса 150 ўринли ошхона бунёд қилинмоқда. Шунингдек, бу ерда амфитеатр, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва бир неча спорт турлари билан шуғулланиш имконини берувчи стадион барпо этиш режалаштирилган Дарвоқе, қурилиш ишларида республикамизнинг турли вилоятларидан келган тажрибали усталар меҳнат қилишаётир
Кўпчиликка маълумки, аксар болалар оромгоҳларида ёзги таътил вақтларидагина ҳаёт қайнайди. Бошқа пайтларда эса бу турдаги дам олиш муассасалари эътибордан четда қолиб кетиши ҳеч кимга сир эмас. Масалага бундай ёндашиш иқтисодий жиҳатдан ҳам самарасиз ҳисобланади.
Шу маънода, ушбу оромгоҳдан ўқувчилар фойдаланмайдиган мавсумларда, яъни, куз, қиш ва баҳорда ички ишлар органлари ходимлари оила аъзолари билан бирга дам олишлари учун шароит яратилади. Ҳудуд аҳолиси ҳам оромгоҳ хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати