Янгиобод тумани: муаммоларга ечим қидириб...
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Янгиобод туманининг Чаканд қишлоғида барпо қилинган сув узатиш иншооти билан танишди. Бу ерда аҳолининг 3- сектор раҳбарига мурожаати асосида 240 метр чуқурликда артезиан қудуғи ковланиб, сув минораси ва трансформатор ўрнатилган. Мазкур иншоот келгусида Намингон қишлоғини сув билан таъминлашга хизмат қилади. Ўз навбатида Намингонгача 4,2 километр узунликда қувур ҳам тортилди. Айни вақтда сув узатиш иншооти ҳудудини бетонлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти.
Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи Намингонга ҳам борди. Мазкур қишлоқда бундан 4 йил илгари аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан булоқ сувларини тўпловчи тизим ва сув минораси юзага келтирилганди. Чакандда қурилган янги иншоотга келадиган бўлсак, ушбу тизим намингонликларнинг сувга бўлган талабини тўла қондиришга омил бўлади.
3- сектор раҳбари ҳудуддаги 10- сонли ўрта умумтаълим мактабига ҳам борди ва муассасада яратилган таълим шароитлари билан танишди. Мактаб ўқитувчилари билан мулоқот жараёнида таълим даргоҳини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юзасидан тавсиялар билдирилди.