Заковатлилар заковатда
Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Ушбу зукколар беллашуви “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида уюштирилди.
Жиззах шаҳридаги Версал тантаналар мажмуасида ўтган тадбир аввалида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев сўзга чиқиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан соҳа вакилларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар тўғрисида атрофлича тўхталди. Шу билан бирга “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти хусусида хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ҳамда ЙҲХБ, Жиззах шаҳар ва Зомин тумани ИИБ, барча туманлар ИИБ, ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳамда соҳа фахрийларидан иборат 17 та жамоа беллашишди.
Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимлари ўз билим ва иқтидорларини намойиш қилишга астойдил ҳаракат қилишди. Шу маънода, интеллектуал ўйин қизиқарли кечди.
Таъкидлаш жоиз, ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал ва профессионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш, билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шароит яратиш, уларни муносиб рағбатлантириш, илмни қадрлаш, билим олишга интилиш каби тушунчаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Қизиқарли кечган мазкур зукколар беллашувда Фориш туманининг “Афсона” жамоаси биринчиликни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Ғаллаорол тумани ИИБнинг “Ватанпарварлар” ҳамда Янгиобод тумани ИИБнинг “Ёшлар” жамоаларига насиб этди.