Жамоат хавфсизлигини таъминлашда барчамиз масъулмиз
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари томонидан темир йўлдан ўтиш қоидаларини бузган фуқарога нисбатан 493 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шу боис соҳа вакиллари темир йўллар атрофидаги аҳоли пунктлари ва автокорхоналарда тарғибот тадбирларини уюштиришмоқда. Темир йўллар чеккасига ўрнатилган темир-бетон деворлар, металл панжараларга зарар етказмаслик, белгиланмаган жойлардан кесиб ўтмаслик, темир йўлларга ёндош ҳудудларда вояга етмаганларни қаровсиз қолдирмаслик ҳамда чорва моллар боқмаслик юзасидан аҳолига тушунчалар берилаётир.
Дарҳақиқат, мазкур жараёнларда соҳа ходимлари темир йўл инфратузилмаларида хавфсизликни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича замонавий ёндошувларга биноан ишлар олиб боришмоқда. Ҳозирда темир йўл бўйлаб, Жиззах вилоятида 56 та маҳалла жойлашган бўлиб, уларда 210 миндан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, ушбу жиҳат вилоят ички ишлар бошқармасининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимларини мазкур ҳудудларда тез-тез тарғибот тадбирлари уюштиришга ундайди.
Бундай мулоқотларда темир йўлни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш, поездлар ҳаракатланадиган ҳудудларда чорва молларини боқмаслик, вагонларга тош отмаслик юзасидан тушунтиришлар олиб борилади. Қисқаси, соҳа вакиллари темир йўл, вокзал ва бекатларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишига астойдил киришганлар.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.