Жанжал қотиллик билан якунланди
Шароф Рашидов тумани Қизлартепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан тан жароҳатлари етказилган жасад топилди. Марҳум Шароф Рашидов тумани Совунгарлик маҳалласида яшаган, 1978 йилда туғилган, киракашлик билан шуғулланган У.Х. бўлиб чиқди. Суд тиббий экспертиза ўлимга бош мия соҳасининг ёпиқ жароҳати ҳамда мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлганлигини кўрсатди.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар натижасида жиноятни у билан бирга истиқомат қилувчи, қайниси, 1993 йилда туғилган С.А. содир этганлиги аниқланди. Айбланувчи жанжал туфайли поччасини ўлдириб қўйган ва жасадни марҳумга тегишли автомашинада каналга олиб бориб ташлаган. Автоуловни эса кўздан пана жойда қолдирган.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда С.А. ҳибсхонада.