“Жасорат мактаби” ўқув йиғини якунланди
Жиззах вилояти ҳарбий маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган “Жасорат мактаби” ўқув йиғини якунланди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир доирасида ички ишлар органларида профилактик назоратида, шу билан бирга “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 100 нафар йигитлар 10 кун давомида Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда яшадилар. Улар ҳарбий қисмда ўтказган кунлари давомида Миллий Армиямиз сафларида хизмат қилаётган аскар ва офицерларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Чунончи, йиғин қатнашчиларига ҳарбий қурол-яроғлар ва техникалар ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, жанговар спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда касбга йўналтиришга қаратилган тренинглар ўтилди. Шу билан бирга Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан электр, пайвандчилик, сантехника усталари ҳамда иссиқхона қуриш ва маҳсулот етиштириш йўналишларида касбий маҳоратлари оширилди.
Мазкур ўқув йиғин якуни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққанлар бу ерда олинган билим ва кўникмалари ҳаёт мактаби вазифасини ўташига ишонч билдиришди. Шундан сўнг мини футбол бўйича вилоят ҳокими кубоги, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони соврини учун ҳарбий спорт эстафетаси, стол тенниси бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги, миллий кураш бўйича Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари медал, диплом ҳамда совғалар билан тақдирланишди.
Тантанали тадбир ҳарбий хизматчилар ва ўқув йиғини иштирокчиларининг минбар олдидан саф тортиб ўтиши билан якунланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати