Жиноятлар фош этилмасдан қолмайди
Жиноятларни фош этишда эксперт-криминалистларнинг ўрни беқиёс. Соҳа вакиллари бармоқ, оёқ, транспорт воситалари изларини, қиёфаларни, қурол-яроғларни, гиёҳванд моддалар ва воситаларни, ҳужжатларни, ёзувларни қиёслаш, текшириш, таҳлил этиш йўли билан шахсларнинг жиноятга алоқадорлигига аниқлик киритадилар.
Жумладан, шу йилнинг 9 мартга ўтар кечаси Жиззах шаҳрининг Маданият маҳалласидаги дорихоналардан биридан 2 миллион 700 минг сўм пул, ноутбук ҳамда видеокамера винти ўғирланди. Воқеа жойига чиққан эксперт-криминалистлар томонидан 81 дона қўл ва кафт излари нусхалари олинди ва “SONDA” ва “Papilon” дактилоскопик таққослаш ускуналарида текширувдан ўтказилди. Қиёсловлар жиноят Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи икки нафар шахс томонидан содир этилганлигини кўрсатди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлими ходимлари 676 та воқеа жойига чиқишди. Бу жараёнда 1042 та далилий ашё олиниб, 522 та экспертиза ўтказилди. Яна ҳам аниқроғи, 144 ҳолатда гиёҳвандлик моддалари ва воситаларининг таркибига аёнлик киритилди, 33 ҳолатда баллистик текширув амалга оширилиб, қурол-яроғларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга алоқадорлиги аниқлаштирилди. 148 ҳолатда автотранспорт воситалари иштирокида рўй берган кўнгилсиз ҳодисаларнинг сабабчилари белгиланди. 12 та жиноят бармоқ изларини ўрганиш орқали очилди.
Худди шундай, хатшунослик йўналишида ўтказилган 89 та экспертиза бир қанча фуқароларнинг ҳужжатлар, имзо ва муҳрларни сохталаштирганликларини кўрсатди. 32 ҳолатда коррупция ва бошқа турдаги жиноятларни фош этиш мақсадида пул ҳамда воситаларга кимёвий ишлов берилди.
Бўлимимизнинг техник имкониятлари йилдан йилга кенгайиб бораётир. Чунончи, февраль ойида ИИВ томонидан “Регула 4305 ДМН” русумли видеоспектрал компоратор қурилмаси ажратилди. Бу ускуна ҳужжатларни техник экспертиза қилишга ихтисослашган. “Регула 4305 ДМН”нинг хотирасига 200 та давлатнинг фуқаролик паспортлари, пуллари ва муҳрларига оид белгилар киритилган ва бу маълумотлар интернет орқали мунтазам янгиланади.
Мазкур ускуна фуқаролик паспорти, пуллар ҳамда муҳрларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларни қисқа муддатларда фош этиш имконини яратди. Республика Ички ишлар вазирлигида ўтказилган ўқув курсида икки нафар ходимимиз хорижлик мутахассислардан “Регула 4305 ДМН”ни қўллаш сирларини ўрганиб қайтишди.
Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан бўлимимизда давлат ўқ гильзотекаси юзага келтирилди. Ушбу гильзотекага вилоятимиз ҳудудида мавжуд бўлган ўқ отар қуролларининг ҳар биридан отилган 3 та гильзани жамлаш чоралари кўрилаяпти. Ушбу тадбир жиноят қуролларини ортиқча оворагарчиликсиз қисқа муддатларда аниқлаш имконини беради. Шу маънода, бўлимимизда давлат ўқ гильзотекасини юритиш гуруҳи катта эксперти ҳамда эксперт лавозимлари жорий этилди.
Вилоятимиздаги ҳудудий ички ишлар бўлимларининг эксперт-криминалистика бўлинмалари ва гуруҳлари “SONDA” русумли ускуналар билан таъминланганлиги жиноят жойида қолдирилган бармоқ излари орқали жиноятларни “иссиқ изи”да фош этишда қўл келаётир. Айни мақсадда бармоқ изларига оид маълумотлар базамизни бойитиш чораларини кўраяпмиз. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида “SONDA” дактилоскопик таққослаш ускунасига 7330 та дактакарталар киритилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика тизими ходимлари ҳудудда жиноятчиликнинг пайини қирқиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Раҳматулла ТУГАЛОВ,
Жиззах вилояти ИИБ эксперт-криминалистика
бўлими бошлиғи, подполковник.