Жиноятни фош этиш эмас, балки, жиноятга йўл қўймаслик унинг бош вазифасига айланган
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар ички ишлар органларининг ҳар бир ходимида ўзининг ҳимоячисини кўриши керак”, деган фикри кўпроқ профилактика инспекторларига қаратилган, назаримизда. Бугунги кунда бу касбнинг машаққати нафақат жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, балки, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш борасида ҳам ошиб бормоқда.
Профилактика инспектори ҳамиша халқ орасида: жиноятларнинг олдини олади, кимдир ҳуқуқбузарлик содир этгудек бўлса, айбдорни қидиради, топади. Қолаверса, профилактика инспекторининг вазифалари доираси ҳам кенгайган, иш тарзи, фаолиятининг мазмуни ўзгарди. Яна ҳам аниқроғи, жиноятни фош этиш эмас, балки, жиноятга йўл қўймаслик унинг бош вазифасига айланди.
Худди шундай, Шароф Рашидов тумани, Пастки Сўлоқли маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ тартибот масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шодмонқулов ҳам ўзига бириктирилган ҳудудда нафақат жиноятчиликнинг содир этилишига йўл қўймади, шунинг билан бирга аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш борасида ҳам қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Қаҳрамонимиз хизмат фаолияти давомида ов қуроли сақлаш, гиёҳванд моддаси билан ноқонуний иш олиб бориш, чорва моллари ўғирлиги, Эски шаҳар деҳқон бозарида содир этилган ўғирлик жинояти ва шу каби ўнлаб қонунбузилишларни фош этган.
Айтиш жоизки, Акмал Шодмонқулов касбига пухта, ишига ҳолол бўлиши билан бирга фарзандларига меҳрибон ота, наъмунали оила бошлиғи ҳамдир. У бўш вақтлари спортнинг бокс туриб билан шуғулланиб туради. Албатта, отасига эргашган ўғиллар ҳам спорт билан чиниқишни ўзларига одат қилишган.
Дарҳақиқат, оиладаги хотиржамлик маҳаллада ҳам ўз аксини топган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Пастки Сўлоқли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўзига бириктирилган ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари билан ҳамжиҳатликда ҳудудда осойишталикни сақлаб келишмоқда.
Қисқаси, Акмал Шодмонқулов хизмат фаолияти давомида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиб келиши билан бирга, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш борасида ҳам ташаббуслар кўрсатаётир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати