Жиззахда ички ишлар ходимига пора таклиф қилган фуқаро фош бўлди
Инсон мураккаб ва ноқулай вазиятлардан чиқиш учун ҳамиша осон йўл ва воситаларни қидиради. Аммо унинг бу борадаги уринишлари қонунга зид келмагани маъқул. Буни Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Қўшкўприк маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган А.Т. ўз “тажриба”сидан билади.
Гиёҳванд воситалар билан боғлиқ жиноятни содир этганлиги учун жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани судининг 2020 йил 18 августдаги ҳукмига асосан 3 йил 11 ой 28 кун озодликни чеклаш жазосини ўтаётган бу шахс суд чекловларига унчалик ҳам амал қилавермас эди. Шу сабабли ана шундай қилмиши учун ички ишлар органлари пробация хизмати ходимлари томонидан 2 марта расман огоҳлантирилди.
Шунга қарамасдан у ўз билганидан қолмади. Пробация ходими томонидан А.Т.нинг суд чекловига зид хатти-ҳаракатга яна қўл ургани аниқланди. Табиийки, қонун ҳимоячиси ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштиришга киришди. Вазиятнинг чигаллашаётганлигини кўрган маҳкумнинг “капалаги” учиб кетди. Чунки суд чекловларига яна амал қилмайдиган бўлса, ўтаётган жазоси оғирроғига алмаштирилиши юзасидан соҳа вакиллари томонидан қатъий огоҳлатирилган эди.
Шу маънода, у ўша ҳамма биладиган қадимий усулга мурожаат қилди. Яъни, А.Т. пробация хизмати ходимига 500 минг сўм пора таклиф қилди. Ўз навбатида қонун ҳимоячиси озодликни чеклаш жазосини ўтаётган маҳкумга бу қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтирди. Бироқ А.Т. пора таклиф қилишда давом этди.
Натижада ички ишлар органлари пробация хизмати ходими бу тўғрида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбариятини хабардор қилди. Ушбу мурожаат асосида Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Қисқаси, ички ишлар органлари ходимига 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган қонунбузар ашёвий далиллар билан холислар иштирокида қўлга олинди.
Айбланувчига нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган. Ташвишни сотиб олди, деганлари шу бўлса керак.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.