Жиззахда ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига эсдалик нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди
Мамлакатимизда ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида тантанали йиғилиш уюштирилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлар вакиллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди.
Шундан сўнг республика Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида бир гуруҳ фахрийлар, раҳбар ва ходимлар Ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги самарали меҳнатлари учун “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар.
Бир нафар ходим эса қонун устуворлиги ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қўшган ҳиссаси учун республика Бош прокуратурасининг ташаккурномаси билан рағбатлантирилди. Бундан ташқари патруль-пост хизмати ходимларининг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини синаш мақсадида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичида юқори натижаларга эришган 5 нафар ходимга диплом ва пул мукофотлари топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, вилоят ички ишлар органлари ходимларнинг 200 нафарга яқини “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонига муносиб кўрилган. Нишонлар жойларда ўтказилаётган байрам тадбирларида ходимларга топширилмоқда.
Йиғилиш давомида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими ходимлари байрам билан қутланди. Шундан сўнг соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган маъруза ўқилди. Бу жараёнда спорт билан шуғулланиш, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмолидан воз кечиш, тўғри овқатланиш, юқумли касалликлар профилактикаси бўйича тавсиялар берилди. Бундан ташқари мамлакатимиз тиббиёт тизимида кечаётган ислоҳотлар тилга олинди.
Йиғилиш якунида барча ички ишлар органлари ходимлари республикамиз Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга чақирилди. Бу йўналишда масъулларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилди.