Жиззахда иккита бўлинма янги бинога эга бўлди
Ғаллаорол ҳамда Шароф Рашидов туманларида ички ишлар бўлинмаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Биноларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими 5- сонли ички ишлар бўлинмасида юзага келтирилган шароитлар билан танишди ва бу ерда самарали хизмат олиб бориш учун барча имкониятлар мавжудлигини эътироф этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, илгари бўлинма шахсий таркиби 1975 йилда барпо этилган ва мослаштирилган барак типидаги иморатда фаолият юритар эди. 2019 йилнинг ноябрь ойида мазкур иншоот бузиб ташланиб, ўрнида қисқа муддатларда замон талабларига мос бино бунёд этилди. Чунончи, навбатчилик қисми, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи, жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари хоналари мебель ва алоқа воситалари билан таъминланди.
Худди шундай, бўлинмадаги ситуацион марказга уланган 16 та видеокузатув қурилмалари орқали ҳудуддаги аҳоли пунктларининг марказий кўчалари муттасил назорат қилинмоқда. Сўров, вақтинча ушлаб туриш ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хоналари видеокузатув ускуналари билан жиҳозланган.
Ушбу бўлинма шахсий таркиби томонидан 57 минг 400 киши истиқомат қиладиган Хонимқўрғон, Ғўбдин, Лалмикор, Маржонбулоқ, Оқтош, Қипчоқсув, Маҳмуд Коризий, Жийдали ва Гулчамбар аҳоли пунктларида жамоат хафвсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Хусусан, ички ишлар органлари таянч пунктлари ва жамоатчилик назорати масканларидан туриб 50 та кўча ва гавжум жойлар видеокузатув ускуналари орқали назорат қилинмоқда.
Шу куни вазир томонидан 5- сонли ички ишлар бўлинмаси жойлашган Лалмикор шаҳарчасида яшовчи 4 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат ва маиший электротехника жиҳозлари топширилди. Пўлат Бобожонов Шароф Рашидов туманидаги 8- сонли ички ишлар бўлинмасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди ва мазкур бинода юзага келтирилган шароит ва имкониятлар билан танишди.
Худди шундай, Ички ишлар вазири вилоятнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар сифатини ҳамда карантин муносабати билан ташкил этилган бир қатор блок-постларда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари фаолиятини ўрганди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати