Жиззахда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида тадбир ўтказилди
Лицей педагогик жамоаси ҳамда ўқувчилар иштирокидаги тадбирда фуқаролар тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлиги, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шундан сўнг, вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ходимларининг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди. Вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари хизмат итлари ёрдамида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик воситаларини қидириб топишга оид салоҳиятларини кўрсатиб бердилар.
Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг жанговар чиқишлари ёшлар қалбида ўзгача ғурур ҳамда ифтихор ҳисларини уйғотди. Унда ички ишлар вазирлиги махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Жиззах вилояти бўйича махсус отряди ходимлари томонидан портловчи моддаларни зарарсизлантириш, аниқлашда қўлланиладиган махсус техникалар имкониятлари намойиш этилди.
Жиззах горнизони ҳарбий оркестрининг мусиқий чиқиши ўқувчиларни ўйинга чорлаган бўлса, лицей спортчиларининг кўргазмали намойиши меҳмонлар ва иштирокчилар эътиборини қозонди.
Тадбир якунида лицей ўқувчилари ички ишлар органлари тизимидаги куч воситалар, техникалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Уларга замонавий қурол-аслаҳаларни тактик-техник имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Албатта бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, мамлакатимизнинг хар бир қарич ерини муқаддас билиб, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етишни руҳан англашларига замин яратади.
Жиззах вилоят ИИБ Ахборот хизмати