16 Июл 2020 йил 1083

Жиззахлик фуқаро қарзини қайтармаслик мақсадида қотилликка қўл урди

Жорий йилнинг 12 июль куни Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Зилол маҳалласида истиқомат қилувчи 1982 йил туғилган М.Ш. мурожаат қилиб, акаси 1964 йил туғилган М.Б.нинг йўқолиб қолганлигини билдирди.

Фуқаро М.Б. мактабгача таълим ташкилоти спорт тўгараги тарбиячиси бўлиб ишлаб келган. У жорий йилнинг 8 июль куни соат 02:00 лар атрофида маҳалласи ҳудудида спорт билан шуғулланиш учун югуришга чиқиб изсиз йўқолган.

Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан тезкор қидирув ва суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Натижада Шароф Рашидов тумани, Сарайлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1987 йил туғилган Т.А.нинг фуқаро М.Б.ни бош ва энса соҳасига қаттиқ тўмтоқ жисм билан уриб, Обод маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси рўпарасидаги чуқурга кўмиб юборгани аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Т.А.нинг марҳум М.Б. дан пул қарзи бўлган. Фуқаро қарздорликни қайтармаслик учун мазкур қотилликка қўл урган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.   

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати   

Text to speech