“Зомин” соғломлаштириш оромгоҳи яна фаолият бошлади
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳи Туркистон тоғ тизмаси бағрида, Зомин тумани марказидан унча олисда бўлмаган манзилда жойлашган. 1982 йилда ташкил қилинган мазкур гўша узоқ йиллар ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг ёзги таътилни мазмунли ўтказишлари учун хизмат қилди.
Аммо вақт таъсирида оромгоҳдаги бинолар ва инфратузилмалар эскирди. Шу сабабли бундан икки йил аввал Ўзбекистон Республикаси Молия ҳамда Ички ишлар вазирликлари томонидан тасдиқланган манзилли дастур асосида оромгоҳни қайтадан барпо этишга киришилди. ИИВ махсус фонди ҳисобидан молиялаштирилган қурилиш ишлари шу йилининг июнь ойида якунланиб, оромгоҳ яна кичкинтойларни ўз бағрига олди.
Янгидан фаолият бошлаган дам олиш масканининг очилиш маросимида болалар билан бирга уларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этдилар. Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров мамлакатимизда ёшларнинг комил инсонлар бўлиб улғайишлари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди.
Худди шундай оромгоҳни қайта қуришда фаоллик кўрсатганларга миннатдорчилик билдирилди. Сўнгра Жиззах вилояти қўғирчоқ театри, Жиззах шаҳар маданият бўлими жамоалари ҳамда оромгоҳда дам олаётган иқтидорли болалар ўз чиқишлари билан йиғилганлар қалбига қувонч бағишлашди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, реконструкция ишлари натижаси ўлароқ бу ердаги умумий павильонлар ўрнини 5 та замонавий типдаги бино эгаллаган. Мазкур биноларнинг ҳар бирида 4 ўринли 7 та хона мавжуд. Кенг ва шинам хоналар алоҳида ювиниш ва санитария тизимига эга, иссиқ ва совуқ сув билан мунтазам таъминланади. Оромгоҳ бир вақтда 140 нафар дам олувчини қамрай олади.
Шунингдек, бу ерда 140 ўринли ошхона, йиғилишлар зали, 500 адабиётли кутубхона фаолият кўрсатмоқда. Тўгараклар фаолияти учун зарурий шароитлар юзага келтирилган. Болалар мини футбол, баскетбол, волейбол, сув спорти, стол тенниси, шахмат-шашка каби бир қатор спорт турлари билан шуғуллантирилмоқда.
— 12 кун давомида болаларнинг вақтини мароқли ва унумли ташкил этиш учун етакчи, тарбиячи, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси ва хореографдан иборат 15 кишилик педагогик жамоа фаолият олиб бораяпти, — дейди “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи, подполковник Ғулом Исоқов. — Айни мақсадда инновацион режа ишлаб чиқилган. Мазкур режа Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда кўзда тутилган соҳалар бўйича турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интерфаол беллашувлар уюштиришни назарда тутади. Шунингдек, инглиз, рус ва корейс тилларини ўргатиш, менталь арифметика, болаларнинг тасвирий санъат ва бадиий ижодга оид иқтидорларини юзага чиқаришга қаратилган тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳар бир боланинг қизиқиш ва интилишларига мос ёндашилади.
Жорий мавсумда оромгоҳга болалар 3 босқичда қабул қилиниб, жами 420 нафар дам олувчи қамраб олинади. Айтганча, оромгоҳ жамоаси ҳамда болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Covid-19”ни аниқловчи ПЗР тестини топширишди.
— Оромгоҳда 2 нафар фарзандим ҳордиқ чиқараяпти, — дейди Жиззах вилояти ИИБ тиббиёт бўлими шифокори Навбаҳор Иномова. — Ҳозиргина оромгоҳни айланиб чиқдим. Бу ерда яратилган шароитлар энг замонавий саноторийларникидан қолишмайди. Ётоқхоналар, тўгараклар, маънавият-маърифат хонаси, кутубхона ва ошхоналарнинг шинамлигини кўриб мамнун бўлдим. Етакчилар билан гаплашдим, машғулотларни кузатдим. Ҳамма-ҳаммаси менга ёқди. Тоғ ҳавоси, салқинлик, арчалар, ариқларни тўлдириб оқаётган сувларни айтмайсизми? Фарзандларимизга шундай шароитларни яратиб берганликлари учун республика Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ота-оналар номидан миннатдорчик билдираман.
Айтганча, оромгоҳ йўлланмаларини арзонлаштириш чоралари кўрилган. Шунингдек, ушбу маскандан йил давомида фойдаланиш режалаштирилмоқда.
— Йўлланма нархининг 47,5 фоизи Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, 25 фоизи Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси ҳисобидан тўлаб берилмоқда, — дейди Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари бирлашган касаба уюшмаси раиси, подполковник Азим Тилабов. — Яхши маълумки, бу турдаги оромгоҳлар одатда фақат ёзда фаолият кўрсатади. Аммо “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳида меҳнат таътилига чиққан ички ишлар органлари ходимлари ўз оила аъзолари билан биргаликда куз, қиш ва баҳор ойларида ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлишади.
Таъкидлаш керак, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан соҳа вакилларининг фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавият, санъат ва спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, улар тез-тез вилоятдаги қўғирчоқ ҳамда драма театри спектаклларини томоша қилишади. Қутлуғ саналар муносабати билан болалар иштирокида тадбирлар уюштирилади.
Хизмат даврида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари, шунингдек Жиззах шаҳридаги 29- сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан ҳам мунтазам хабар олинади. Бу каби эзгуликлардан ИИВ Жиззах академик лицейи жамоаси ҳам четда қолмайди.
— Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 35 нафар ўқувчиларимизнинг ўқув курслари тўловлари, лицей турар жойида яшовчи 8 нафар ўқувчимизнинг озиқ-овқат тўловлари педагогик жамоамиз томонидан ҳомийлик асосида қопланаяпти, — дейди ИИВ Жиззах академик лицейи директорининг ўринбосари Гулноза Почоева. — Шунингдек, ўқувчиларимиз иштирокида вилоятимиздаги санъат ва маданият объектларига доимий равишда саёҳатлар ташкил этаяпмиз. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларини байрамларда ижтиомий қўллаб-қувватлаш чоралари кўриляпти.
Шу сингари тадбирлар ҳудудий ички ишлар органлари шахсий таркиби томонидан ҳам ташкил этилаётир. Хуллас, соҳа ходимлари улғайиб келаётган авлод вакилларини комил ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида ҳам фаоллик кўрсатишаяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ.