7 Март 2022 йил 590

Байрам муносиб нишонланди

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ходималар, ИИВ Жиззах академик лицейи, вилоят ИИБ тизимидаги тиббиёт бўлими, мактабгача таълим ташкилоти ҳамда соҳанинг бошқа бўғинларида фаолият юритаётган эркин ёлланган хотин-қизлар, фахрийлар ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида байрам уюштирилди.

Тадбир аввалида ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров республика Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб, эшиттирди. Шунингдек, нотиқ хотин-қизларнинг юртимиз тараққиёти, хусусан, ички ишлар органлари ходимлари сафида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ишига қўшаётган ҳиссаси, уларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Сўнг турли ташкилотлар вакиллари йиғилганларни байрам билан қутладилар. Ижодкорлар томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш тақдирига айланган аёллар шаънига шеърлар ўқилди. Тадбир давомида хизматдошларига ҳар жабҳада ибрат бўлаётган ходималар Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун”, “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ, эсдалик қўл соати ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Худди шундай, вилоят ИИБ томонидан фаол хотин-қизлар ҳамда хизмат давомида ҳалок бўлган ходимларнинг турмуш ўртоқларига эсдалик совғалари топширилди. Яна бир гуруҳ аёллар моддий рағбатлантирилди.

Тадбирда ички ишлар органлари ходималари ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақаларида юқори натижаларга эришган жамоа вакиллари диплом ва совғаларни қабул қилиб олдилар. Якунда вилоят санъаткорлари иштирокида концерт уюштирилди. Хуллас, байрам соҳада фаолият кўрсатаётган хотин-қизларга хуш кайфият бахш этди.

Text to speech