25 Декабр 2021 йил 564

10 нафар маҳкумга инсонпарварлик тамойили қўлланилди

Тақдирнинг баланд-паст сўқмоқлари инсонни ҳар кўйга солади. Мақсад сари интилиб, ўз йўлидан оғишмай ҳаракат қилган киши муродига етади. Аммо бу қийинчиликлар олдида саросимига тушганлар хато қилиши ҳеч гап эмас. Адашганларга тўғри йўл кўрсатиш эса ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. Шу маънода ички ишлар органлари пробация гуруҳлари назоратида жазо ўтаётган шахсларни тўғри йўлга қайтариш ва ижтимоий мослаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, Зомин тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳи ходимлари томонидан назорат остидаги шахсларнинг тузалиш йўлига ўтганларини муддатидан олдин шартли равишда озод этиш чоралари кўрилаётир.

Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида ҳам 10 нафар очиқда жазо ўтаётган маҳкумларга ишонч билдирилди. Аниқроғи, туман ички ишлар органлари пробация гуруҳининг жазо ўташ тартиб қоидасига тўлиқ амал қилиб, меҳнатга халол муносабатда бўлиб келаётган маҳкумларни муддатидан олдин озод қилиш ҳақидаги тақдимномаси суд томонидан қаноатлантирилди.

Сайёр суд давомида жазони ижро этиш чоғида мавжуд қоидаларга риоя этиш, белгиланган тартибни бузганлик учун ҳуқуқий жазо чоралари кўрилиши, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга қонунчиликка асосан енгил жазо турлари қўлланилиши тушунтирилди.

Text to speech