27 Июн 2022 йил 649

“27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг табриги

Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Авваламбор, Сиз азиз журналистларни, соҳасининг жонкуяр ижодкорларини “27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” билан ўзим ва вилоят ички ишлар органларининг шахсий таркиби номидан самимий табриклайман.

Ижод ва тафаккурнинг таъсирчан муҳитида шаклланиб, элу халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритишда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев  таъкидлаганларидек, “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу - замон талаби, ислоҳотларимиз талаби” деган фикрларига монанд фаолият юритмоқдасиз.

Дарҳақиқат, ижод аҳли, айниқса, журналист ва блогерлар рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ кишилардир. Яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан мана шу касб эгаларидаги жонкуярлик, фидойилик тимсолида кўрамиз десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Айниқса, ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган ижобий ишлар ва ташаббусларни, бошқарма ахборот хизмати томонидан соҳа ходимлари фаолиятига доир материалларни республика ҳамда вилоят матбуоти, телевидение, радио ва интернет саҳифаларида фаол тарғиб этилишида беназир ҳисса қўшиб келаётган соҳа фидоийларига самимий  миннатдорчилик билдирамиз.

Шуни алоҳида такидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ахборот мултимедиа марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгилаш ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Бунга жавобан, вилоят ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматида фаолият олиб бораётган ходимларимиз ҳам зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунбузарликларга жавобгарлик мавжудлигини тушунтириш мақсадида соҳа ходимлари томонидан видеоролик, лавҳа ва мақолалар тайёрланиб, оммавий ахборт воситалари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб келиняпти.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, касбингиздан доимо барака топиб. Оилангиздан фаровонлик, дастурхонингиздан тўкин-сочинлик аримасин.

 

Ғайрат Қодиров,
Жиззах вилояти Ички ишлар

бошқармаси бошлиғи
генерал-
майор.

2022 йил

Text to speech