3- сектор масъуллари томонидан мурожаатчига кўмак кўрсатилди
Секторлар кесимида иш юритилаётгани жойларда кўплаб муаммоларга ечим топишга хизмат қилмоқда, десак хато бўлмайди. Чунончи, Зафаробод туманининг Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Оқила Сафоева Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг шахсий қабулига келиб, турар жойини таъмирлаш учун ёрдам сўради. Табиийки, 3- сектор масъуллари томонидан мурожаатчига кўмак кўрсатилди.
3- сектор раҳбарининг шахсий қабулида писталикентлик Оқила Сафоева ўзи ва турмуш ўртоғи пенсияда эканлиги ҳамда фарзандларидан бири ногиронлигини баён қилиб, турар жойини таъмирлашга қўли калталик қилаётганлигини билдирди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, ҳолатни ўрганиб, тегишли ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга топшириқ берди.
Орадан ҳафта ўтмасдан ички ишлар органлари ходимлари Зафаробод туманининг Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғини Фидокорлар кўчасида яшовчи Оқила Сафоеванинг уйига 100 дона шифер ва шунга яраша рейка етказиб беришди. Ушбу қурилиш маҳсулотлари турар жой томини янгилашга ишлатилади.
Тез орада нафақат Оқила Сафоеванинг балки барча писталикентликларнинг анчагина муаммоларига ечим топилади. Чунки 3- сектор ҳудуди бўлган мазкур фуқаролар йиғинида яқин кунларда “Обод маҳалла” дастури бўйича бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига киришилади. Бу жараёнда симёғочларни бетон устунларга алмайтириш, йўлларга асфальт ётқизиш, ичимлик суви қувурларини янгилаш, турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, спорт майдони барпо этиш каби ишлар бажарилади.
Айтганча, 3- сектор масъуллари ташаббуси билан ҳудуддаги эскирган 86 та симёғоч ўрнига темир-бетон устунлар ўрнатилди. Худди шундай, 3- секторга кирувчи Нурафшон шаҳарча фуқаролар йиғинида ҳам эътиборга молик ишларга қўл уриляпти.
Хуллас, кўклам нафаси уфураётган айни кунларда юртимизни кўркам, одамлар турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар янада кенгроқ кўлам касб эта бошлади. Бу эзгуликларга ички ишлар органлари ходимлари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.