12 Декабр 2023 йил 4188

3- сектор раҳбари Ғайрат Қодиров форишликлар билан очиқ мулоқот ўтказди

          Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Фориш туманининг Ойбек маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

Мулоқотда “Оқтепа”, “Ойбек” ҳамда “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, Порашт қишлоғидаги тиббий пунктни ишга тушириш, табиий газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш, кўчаларни шағаллаштириш каби масалалар билан мурожаат қилишди.

Бундан ташқари саломатлигини тиклаш, яшаш хонадонини табиий газ ва ичимлик суви тармоғига улаш, серқатнов кўчага йўл белгилари ўрнатиш, маҳалла кўчаларини тунги вақтда ёритиш каби мурожаатлар мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди, уларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Қабул давомида олий таълим учун шартнома пулининг маълум қисми тўланганлиги, бир марталик моддий ёрдам ҳамда касбга ўқиш харажатлари қоплаб берилганлиги тўғрисидаги сертификатлар ўз эгаларига топширилди. 4 нафар ташаббускор ҳудуд ёшлари вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шундан сўнг бошқарма бошлиғи масъуллар билан бирга тумандаги 1- сонли ДМТТнинг реконструкция қилинган биноси билан танишди,  тарбияланувчиларга Янги йил совғалари улашилди.

Шу ерда тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсуми давомида иситилиши, зарур ёқилғи маҳсулотлари билан таъминланганлиги муҳокама қилинди. Мавсумни беталофат ўтказиш, ис гази билан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

 

Text to speech