18 Декабр 2023 йил 4315

3- сектор раҳбари Дўстликда сайёр қабул ўтказди

          Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик туманининг Ғафур Ғулом МФЙда сайёр қабул ўтказди. Маданият саройида ўтган мулоқотда фуқаролар 3- сектор раҳбаридан ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, саломатлигини тиклаш, электр таъминотини яхшилаш учун қўшимча трансформатор, йўл белгилари, электр таянчлари ўрнатиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун табиий газ тармоғига уланиш, ички кўчаларни шағаллаштиришга оид масалалар кўтарилди.

Бундан ташқари моддий ёрдам, ишга жойлашиш, яшаш хонадонининг кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш каби масалаларга мутасаддилар иштирокида ечим изланди. Жараёнда 20 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий ва маиший масалаларини ўз вақтида бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Сайёр қабул давомида эҳтиёжманд фуқароларнинг 5 нафарига субсидия асосида тикув мошинкаси, 4 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома пулининг маълум қисми тўланганлиги, 2 нафарига тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратилганлиги ҳақидаги сертификат, 1 кишига ногиронлик аравачаси берилди. Бундан ташқари 1 киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги ҳамда 16 ёшга тўлган 3 нафар ёшларга ID карталар топширилди.

Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман ҳокими ва масъуллар билан бирга “Flora med” хусусий клинкаси ҳамда “Чинобод” МФЙда яратилган қулайликларни кўздан кечирди. 

Text to speech