26 Феврал 2022 йил 505

3-сектор раҳбари фуқаролар билан шахсий қабул ўтказди

Бугун аксар раҳбарлар аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, эл дардини аритишга ҳаракат қилаётир. Чунончи, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳафтанинг ҳар шанба куни шахсий қабул ташкил этиб, ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқ-тартибот соҳасига оид муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.  

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи навбатдаги шахсий қабулида 10 дан ошиқ фуқаро билан мулоқот қилди. Мазкур жараёнда мурожаатчилар томонидан жиноий хатти-ҳаракат бўйича терговни сифатли ташкил этиш, буюртмачи корхонадан иш ҳақини ундириш, олий таълим муассасасига имтиёзли асосда ўқишга кириш, ишга жойлашиш, ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланувчи шахсга қонуний чора кўриш, имтиёзли шартларда уй билан таъминлаш, оила аъзосини хориждан қайтариш каби бир қатор муаммолар кўтарилди. 3- сектор раҳбари ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича вилоят ички ишлар бошқармасининг тергов, жиноят қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш сингари соҳавий хизматлар масъулларига топшириқлар бериб, ҳал этиш муддатларини белгилади. 

Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вилоятнинг 3- секторидаги аҳоли пунктларида ҳам сайёр қабуллар ўтказмоқда. Мазкур жараёнда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик учун субсидия ва кредитлар ажратиш, аёллар, ёшлар ва темир дафтарга киритилганларни ер ва иш қуроллари билан таъминлаш чоралари кўриляпти.

Бу борада шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маҳаллалардаги ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳамкорлик қилинаётир. Қисқаси, Президентимизнинг секторлар фаолиятига оид фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

 

Text to speech